Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

15 августдан ҳамма нарса ўртача 18 фоизга ошади

15 августдан бензин, дизел ёнилғиси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, электр энергияси, иссиқлиқ таъминоти, ичимлик суви, шунингдек жамоат транспортида йўл ҳақи тарифлари оширилади. Бу ҳақда Minbar хабар бермоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги қарори билан деярли барча ёқилғи-энергетика ресурсларига нарх ва тарифлар ўртача 18 фоиз ошиши белгиланган.

Бензин

• Аи-80 нархи 4500 сўм (ҳозир – 4000 сўм, ўсиш — 12,5%),

• дизел ёқилғиси – 5400 сўм (ҳозир 4800, +12,5%),

• дизел ёқилғи – 5700 сўм (ҳозир 4900, +16,3%).

Газ

Аҳолига етказиб берилаётган 1 м³ табиий газнинг баҳоси

• ҳисоблагич бўлганда 380 сўм (ҳозир – 320 сўм, ўсиш – 18,7 фоиз),

• ҳисоблагичсиз овқат пишириш ёки совуқ сувни иситиш учун ишлатиладиган газнинг нархи 660 сўм (ҳозир – 553 сўм, +19,3%), хонани иситиш учун эса 380 сўм (ҳозир – 320, +18,7%) этиб белгиланди.

Маиший истеъмол учун аҳолига сотилаётган бир килограм суюлтирилган газ нархи ҳозирги 950 сўм ўрнига 1120 сўм (+17,8%) бўлади.

Электр энергияси

• Маиший истеъмолчилар учун 1 кВт•с электр энергияси нархи 250 сўмдан 295 сўмга (+18%) оширилса,

• бошқа тоифадаги истеъмолчилар учун 450 сўм этиб белгиланди.

Аванс тўлов муддати ҳам 12 ойдан 6 ойгача туширилди. Кейинчалик ушбу давр 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қисқартирилади (ҳозир – 6 ой).

Сув таъминоти ва канализация хизматлари

15 августдан иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация хизматларига "рентабеллиги таъминланиши ҳисобга олинган ҳолда" янги тарифлар жорий этилиши белгиланди. Ҳозирча булар қанчага ўсиши номаълум.

Кўмир

Худди шу санадан бошлаб «Ўзбеккўмир» ва «Шарғункўмир» томонидан ишлаб чиқариладиган ва аҳолига сотиладиган кўмирнинг аҳоли ва бюджет ташкилотлар учун амалдаги чакана нархлар 10 фоизга оширилади.

Йўл ҳақи

Шаҳар йўловчилар ташиш транспортида (йўналишли ва йўналишсиз таксилар бундан мустасно) янги тарифлар ўрнатилади. Ҳозирча булар қанчага ўсиши номаълум.

Газ ва электр энергияси тарифлари сўнгги бор ўтган йилнинг ноябрида ошган эди. Нархларни 1 июндан ошириш режалаштирилган (таклиф қилинган тарифлар тасдиқланганидан пастроқ эди), бироқ муддат кечиктирилган эди.

1 августдан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ҳажми 10 фоизга оширилди.