Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

15 ёшли ўқувчи кўприкдан сувга сакраб, ўз жонига қасд қилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи ижтимоий тармоқларда тарқалган “Қашқадарёда 15 ёшли ўқувчининг жасади каналдан топилди” мавзусидаги хабарлар юзасидан баёнот берди.

2019 йилнинг 19 октябрь куни Қарши тумани Хониён МФЙ, Юксалиш кўчасида яшаган, вояга етмаган Раҳим А. (2004 йилда туғилган, 7-мактаб ўқувчиси) “Қарши бош канали”нинг Дашт қишлоғидан оқиб ўтувчи қисмидаги кўприкдан сувга сакраб, ўз жонига қасд қилган.

Ҳолат юзасидан ишга алоқадор 7-умумий ўрта таълим мактаб директори ва ишчи-ходимларидан ҳамда ўқувчилардан тушунтиришлар олинган.

Аниқланишича, ўқувчи Раҳим А.нинг мобил телефонида уятсиз видеолар ёзилганлиги сабабли синф раҳбари томонидан онаси мактабга чақиртирилган. Онаси мактабга келиб, ўғлига танбеҳ қилганидан сўнг Раҳим А. мактабдан югуриб чиқиб кетиб, канал томонга кетганлиги, синфдошлари эса унинг орқасидан боришгани ва Раҳим А.ни узоқдан ўзини каналга ташлаганини кўришган.

Вояга етмаган Раҳим А.ни шу куни ҳеч ким уриб, ҳақорат қилганлиги ҳолати аниқланмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текшириш давомида Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Қарши тумани ИИБ, вояга етмаганлар бўйича идоралараро комиссия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хизмат текширувлари тайинланган.