Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2021 йилда банк тизимида нималар ўзгаради?

Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида юртимизда банк тизимини ривожлантириш борасида муҳим ташаббуслар илгари сурилди.  

Шунингдек, Марказий банкка 1 февралга қадар банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.

Хўш, қандай ташкилотлар банк бўлмаган ташкилотлар сирасига киради ва бу билан қандай ўзгариш бўлади? 

2020 йил банклар томонидан кўрсатилган “рақамли банкинг” хизматлари ҳажми ортди. Хусусан, вилоятимизда ажратилган “онлайн” кредитлар ҳажми 20 миллиард сўмдан, мобиль иловалар орқали жойлаштирилган депозитлар ҳажми 70 миллиард сўмдан, мобиль иловалар орқали кўрсатилган халқаро пул ўтказмалари 500 минг АҚШ долларидан ошди. Автоматлашган валюта айирбошлаш шохобчалари орқали 3,3 миллион АҚШ доллари сотилиб, 400 минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ харид қилинди. Аммо бу рақамлар умумий портфел ва хизматлар ҳажмида жуда ҳам кичик улушни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, 2021 йилда вилоятда банк хизматлари кўрсатишда ахборот технологиялари, рақамли банкинг технологияларини кенг жорий этиш орқали масофавий хизматлар кўламини ошириш энг устивор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, Мурожаатномада “Саноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Ипотекабанк”, “Алоқабанк”, “Туронбанк” ҳамда “Қишлоққурилишбанк”ни хусусийлаштиришга тайёрлаш, камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилиши белгиланди. Вилоятимизда ҳам ушбу банкларнинг 9 та филиали мавжуд. 

Банк соҳасидаги ҳозирги ҳолат таҳлили давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, улар иқтисодий янгиланишлар ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ривожлана олмаётганлигини кўрсатмоқда. 

Молия муассасаларини хусусийлаштириш, давлат улушининг стратегик инвесторларга сотилиши уларнинг иқтисодиётда молиявий воситачиликнинг юқори даражасига чиқишига, бошқарувнинг замонавий стандарт ва усуллари жорий этилишига замин яратади, рақобатбардошлигини ва молиявий барқарорлигини таъминлайди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Мурожаатномада Марказий банкка 1 февралга қадар банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди. Банк бўлмаган кредит ташкилотларига микромолия ҳамда микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш, шунингдек, факторинг ташкилотлари киради.

Бугунги кунда республикамизда 63 та микрокредит ташкилоти, 64 ломбард фаолият кўрсатади ва уларнинг аксарияти пойтахтда жойлашган. Вилоятимизда эса 1 та микрокредит ташкилоти, 2 та ломбард иш олиб бормоқда. Бу эса молиявий хизматлар истеъмолчиларида танлов имконияти даражаси пастлигини, яъни бу бозорда асосий иштирокчилар тижорат банклари эканлигини билдиради.

Вилоятдаги мазкур 3 та нобанк кредит ташкилотининг портфел қолдиғи 1 269 нафар қарздор бўйича 4,2 миллиард сўм, тижорат банкларининг жисмоний шахслар бўйича портфели қолдиғи 219 минг нафардан ортиқ қарздор бўйича 4,5 триллион сўмдан кўп эканлиги қиёслаш учун маълумот бўла олади. Бу борадаги қонуннинг қабул қилиниши эса ҳуқуқий шарт-шароитларни мустаҳкамлаш билан биргаликда молия бозорида рақобатнинг, молиявий хизматлар оммабоплиги ва сифатининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.

2021 йилда “Микрокредитбанк” томонидан аҳолини, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича янги бизнес модели ишлаб чиқилади. Унда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, микрокредит олган тадбиркорларга маслаҳат ва кўмак бериш, банк мижозлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун харидорлар топиш ва бозорларни кенгайтиришда кўмаклашишга эътибор қаратилади. 

Халқ банки томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади.

Вилоятимизда “Микрокредитбанк”нинг 7 та филиали, 8 та банк хизматлари марказлари ва минибанклари, Халқ банкининг 20 та филиали, 10 та банк хизматлари маркази ва минибанклари фаолият юритмоқда. 2021 йилда ҳудудларда ушбу банкларнинг рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали микромолиявий хизматлар кўрсатувчи банк инфратузилма тармоқлари ташкил этилади. 

Шерзод Сувонқулов,

Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.