Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ипак йўли” туризм халқаро университети талабалари 4 йилда учта диплом олади

Жорий йилнинг 30 октябрь куни “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг ривожлантириш ва стратегик масалалар бўйича биринчи проректори А.Акбаров Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда қатнашди.

Анжуман доирасида Путра университети (Малайзия) билан ҳамкорликда қўшма IT факультет ташкил қилиш тўғрисида келишув имзоланди. Ушбу факультет туризм соҳасида янги ахборот технологиялари йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлашнинг муҳимлиги ва долзарблигини англаган икки томон раҳбарларининг қарори билан ташкил қилинди.

Анжуманда Осиёнинг етакчи олий таълим муассасаси саналган Silkway International University (Қозоғистон), Middle East University (Иордания) ва University Putra Malaysia (Малайзия) университетлари билан ҳамкорликдаги TRIPLE DEGREE дастури имзоланди.

Ушбу келишув университет талабаларига тўрт йил ичида биратула учта бакалавр дипломи ва маълум мутахассислик бўйича профессионал сертификат олиш имконини беради. Бу ўз навбатида, юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масаласига ечим бўлади.
А.Акбаров ушбу келишув “Ипак йўли” туризм халқаро университетини дунёга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Наргиза АБДУВОҲИДОВА.