“Ипак йўли” туризм халқаро университети Ипак йўли университетлари альянсига кирди

“Ипак йўли” туризм халқаро университети Ипак йўли университетлари альянси – University Alliance of the Silk Road (UASR)нинг бир қисмига айланди. Ушбу илдам қадам UASR тадбирлари доирасида яқинда Хитойнинг Гуйлинь шаҳрида ташланди.

– Ипак йўли университетлари альянси олий таълим соҳасида халқаро муносабатларни ривожлантириш ва шаффофлигини таъминлашга йўналтирилган нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади, – дейди “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Н.Абдувоҳидова. – Унинг мақсади – Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар университетлари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш ва ҳудудий очиқликка кўмаклашишдан иборат. Альянс университетлараро талабалар дастурлари алмашишни ишлаб чиқишга кўмаклашади, халқлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар уюштириб, илмий, сиёсий, иқтисодий тадқиқотлар йўналишларидаги алоқаларни ўрнатиш, кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Мазкур тузилма “Ипак йўли” туризм халқаро университети ҳамкори бўлган Гуйлин университети ташаббуси ва Шэньси провинцияси ўзини ўзи  бошқариш органлари билан ҳамкорликда “Бир макон – бир йўл” лойиҳасини амалга ошириш тадбирлари доирасида ташкил этилган. Айни дамда дунёнинг 150 га яқин илғор университетлари альянс таркибига кирган.

“Ипак йўли” туризм халқаро университетининг ривожлантириш ва стратегик масалалар бўйича биринчи проректори А.Акбаров жорий йилнинг 15 октябрь куни альянсда иштирок этиши масалалари муҳокама қилинадиган ишчи мажлисида қатнашди. Аъзолар алоқаларни кенгайтириш, икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб борди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда “Ипак йўли” туризм халқаро университети дунёнинг турли давлатларидаги, жумладан, Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Гуйлин университети билан ҳам 2018 йилда ҳамкорлик битими имзоланган.

Ғ.ҲАСАНОВ.