Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аутсорсинг тизими: Апрель ойидан гематоген ва витаминли шарбат болаларнинг таомномасидан жой олади

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг мактабгача таълим муассасаларида “Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ойлиги”ни ўтказиш тўғрисидаги қўшма қарори доирасида март ойида барча мактабгача таълим муассасаларида ошпазлар, ҳамширалар ва омбор мудиралари учун семинарлар ташкил этилди.

Самарқанд шаҳридаги 27-МТМда омбор мудирлари фаолиятини ташкил этиш ва маҳсулотларни сақлаш бўйича семинар ўтказилди. Унда шаҳримиздаги давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг тизими асосида фаолият юритаётган 12 та корхона ўз фаолиятини намойиш этишди.

- Корхонамиз 2003 йилдан буён озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдоси ва ошхона хизматлари соҳасида фаолият юритиб келмоқда, - дейди “Хикматулло” МЧЖ раҳбари Акмал Асадов. – Ўтган йил ноябрь ойидан бери имкониятларимиздан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳридаги 16 та боғчада аутсорсинг хизматини кўрсатиб келаяпмиз. Яқинда Тошкент шаҳридаги 143-34 МТМларда бўлиб, у ердаги аутсорсинг тизими бўйича тажриба алмашдик. Ушбу боғчаларда болаларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш мақсадида таомномага камқонликни олдини олиш учун гематоген ва витаминли шарбат киритилган экан. Биз ҳам ушбу тажрибани қўллаган ҳолда апрель ойидан бошлаб, болаларнинг бир ҳафталик таомномасига гематоген ва витаминли шарбатларни қўшимча қиламиз. Витаминли шарбатимиз юртимизда етиштирилган 16 хил меваларнинг қуритилган аралашмасидан таркиб топганлиги билан ҳам жуда фойдали.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.