Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Айбдор солиқ идорасими? Оғзаки гапга ишонишнинг оқибати

2019 йилнинг 18 декабрь куни www.zarnews.uz сайти орқали «Вилоят давлат солиқ бошқармаси эътиборига: Саноат опа нега “ейилмаган сомса”га пул тўлаши керак?» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Самарқанд туманида истиқомат қилувчи фуқаро Саноат Хафизованинг тадбиркорликни бошламаса-да, солиқ қарздорлиги юзага келганидан норози бўлиб мурожаат қилгани қайд этилган.

С.Хафизова кредит олишдан воз кечган бўлса ҳам тадбиркорлик фаолияти учун гувоҳнома олган. Нима учун солиқ идорасидан қарздорлик варақаси келгунга қадар кредит олмаганидан сўнг тадбиркорлик гувоҳномасини тўхтатиб қўймаган? Нега туман ҳокимининг оғзаки «Сиз бораверинг, сизни безовта қилишмайди», деганига ишониб хотиржам юрган? Бу ерда солиқ идорасининг нима айби бор?

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 51-моддасида ”Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар”, дея белгилаб қўйилган. Солиқ идораларининг вазифаси қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобланган солиқларни ундириш. С.Хафизова банк кредитидан воз кечиб, тадбиркорликни бошламагани учун гувоҳномани ёпиши лозим бўлган. Ўз вақтида ёпилмаган тадбиркорлик субъектига белгиланган солиқ, вақтида тўланмаган солиқ учун эса пеня ҳисобланган. Натижада Самарқанд вилояти хўжалик судининг 2015 йил 8 октябрдаги ижро варақаси мажбурий ундирувга жами устама суммалари билан 1 4552,1 минг сўм қаратилган.

Шунингдек, фуқаро розилигисиз 2018 йил апрель ойидан 2019 йилнинг апрель ойига қадар ўша солиқ тўловларига 50 фоиз пенсия пулини ушлаб қолганини баён қилган. Аслида ушбу фуқаронинг мол-мулк солиғига 2018 йил 13 июнда 131 886.84 сўм, ер солиғига 2018 йил 31 июлда 139 664.84 сўм ҳамда қатъий белгиланган солиққа 2018 йил 17 октябрда 298 881.42 сўм Самарқанд тумани мажбурий ижро бюроси бўлими томонидан нафақасидан мажбурий ушланиб қолинган.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.