Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аъзамхон Баҳромов: Америкаликлар билан қўшма корхона очяпмиз

Аъзамхон Баҳромов кўп йиллар республика вазирлик ва идораларида масъул вазифаларда ишлаган, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган.

Аъзамхон Усманович маълум муддат бошқарувдан четлатилгач, 2017 йилда Қўшработ тумани ҳокими этиб тайинланган. Ўша йил ноябрдан буён Каттақўрғон туманига раҳбарлик қилмоқда.

Биз Аъзамхон Баҳромов билан туманда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида суҳбатлашдик.

- Бош критериям - бу кучим, ақлим, имконим етганча одамларга яхшилик қилиш. Шу орқали ҳам давлатимиз раҳбари ишончини оқлаш, ҳам Яратганнинг розилигини олиш, - дея гап бошлади А.Баҳромов. - Агар одамларга яхшилик, оғирини енгил қилмоқчи бўлсанг, суҳбатдошингни, одамларни сабр билан тинглашни ўрганишинг керак. Ундан кейин қўлингдан келса, амалий ёрдам, қўлингдан келмаса тўғри маслаҳат бер.

- Ҳоким бўлиб иш бошлаганингиздан кейин Каттақўрғон туманида яшовчи аҳоли учун нималар қилдингиз?

- Ишни биринчи одамларни, мутахассисларни эшитиб-тинглаб, статистик маълумотлар, иқтисодий кўрсаткичларни кўриб чиқиб, тумандаги иқтисодий-ижтимоий аҳвол, вазият қандай, деган асл ҳолатни билишга эътиборни қаратганман. Шунга икки-уч ой вақтим кетган.

Туманимиз ҳудуди бўйича кичкина эмас, 264 мингдан кўпроқ аҳоли яшайди. Энг катта муаммо - ишсизлик. Каттақўрғон туманида мавсумий 30, 35 минггача одам хорижга чиқиб ишлашга кетган. Бу меҳнат ресурсларининг тенг ярми, дегани. Уларни иссиқ тўшагини, Ватанини ташлаб кетишига эҳтиёж, муҳтожлик мажбур қилган.

Иш ўрни йўқ, бу бир. Иккинчиси, Каттақўрғон тумани республикадаги кўҳна туманлардан бири, қишлоқ хўжалиги салоҳияти катта. Лекин иқтисодиётнинг асосий тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигига бирорта янгилик, инвестиция, бирор-бир илмий ғоя, яхши фикр киритилмаган. Оқибатда ҳосилдорлик пахтадан 24 центрнерга тушиб қолган. Ғалладан ҳам худди шундай: зўрға давлатга ғалла сотиш шартномавий режаси бажарилган. Фермернинг ўзига, аҳолига бир килограмм ҳам дон қолмаган.

Саноатда Каттақўрғон туманининг улуши вилоятда 2 фоизни ташкил қилган. Демак, саноат йўқ, дегани. Биттаям чет эл инвестицияси иштирокидаги қўшма корхона ёки хорижий корхона фаолият юритмаган.

- Аъзамхон Усманович, табиий савол туғилади: нима учун вазият шу даражага келиб қолган, деб ўйлайсиз?

- Нима учун одамлар бу ерга пул тикмаган: Каттақўрғон аҳолиси орасидаям тадбиркорлар бор, сармоядорлар бор, нима учун туманга ўзини ҳиссасини қўшмаган? Чунки биринчидан, йўллар талабга жавоб бермайди. Масалан, менинг ўзим туманга кечаси келганман. Катта Ўзбек трактидан туман марказигача 10 километр бўлса, машинамизнинг иккита баллони қолоққа тушиб, йўлда қолганмиз.

Иккинчидан, электр таъминоти. Ҳеч қанақа захирамас, ҳатто аҳоли, унча-мунча савдо ва бошқа корхоналарнинг эҳтиёжини таъминлашга етмаган. Туман бўйича тармоқда ўртача кучланиш 180-170 кВтни ташкил қилади.

Саноат корхонаси учун табиий газ етказиб беришнинг умуман иложи йўқ. Ҳеч ким бу билан шуғулланмаган.

Интернет ҳамма жойда тезлиги паст бўлса, Каттақўрғонда йўқ ҳисоби, умуман киролмайсиз.

Алоқа йўқ, йўл йўқ, свет йўқ, газ йўқ. Энди меҳмонхона ҳақида гапириш ортиқча.

Бир сўз билан айтганда, инвестицион муҳит, шароит йўқ. Шунинг учун туманнинг тадбиркорлари Каттақўрғон шаҳрига, Самарқанд, Тошкентга бориб тадбиркорлик билан шуғулланган.

- Бугунги кунда туманда ишсизликни ҳал қилиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

- Ишсизликни ҳал қилиш учун саноат, хизмат кўрсатиш ва шунга ўхшаш соҳаларни ривожлантириш лозим. Бунинг учун сармоя керак, инвестицион муҳит яратилиши зарур. Шунинг учун 2018 йилда туман бўйича 112 километр йўлни таъмирдан чиқардик. Шундан 56 километр йўлга, жойга янгидан асфальт қопламаси ётқизилди. Бу йил ҳам бу жараён давом этяпти.

Муҳтарам Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифидан фойдаланиб қўйган саноат учун алоҳида подстанция ўрнатиш масаласи ечимини топди. Саноат корхоналари учун алоҳида газ қувури тортиб келинаяпти. Оптик толали алоқа линиялари тортилмоқда.

- Бу каби ишлар ўзининг самарасини бериши табиий, шундай эмасми?

- Албатта. Масалан, айни пайтда Америка Қўшма Штатлари компаниялари билан пардозлаш материаллари ишлаб чиқарадиган корхонанинг биринчи босқичи доирасида 1 миллион долларлик асбоб-ускуна олиб келинди. Бу ерда умумий қиймати 10 миллион долларлик асбоб-ускуналар ўрнатилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Мисол учун, Россия Федерациясининг кредит линияси орқали лимон маркази лойиҳасини бошладик. Бунда 12 гектар лимон етиштирадиган, 2 гектар лимон кўчатлари етиштирадиган иссиқхоналар қурилади. Шу ерда, қолаверса аҳоли иссиқхоналарида етиштирилган лимонни саралайдиган, калибровка қиладиган, сақлайдиган 5 минг тонна музхонага эга логистика маркази барпо этилади. Лимондан мураббо чиқарадиган завод қурилади.

Туманда 60 мингга яқин оиланинг шахсий томорқа ери бор. Ким 1 сотихдан кам бўлмаган жойни чуқур ковлаб, иссиқхона учун тайёрласа, лимон маркази ҳисобидан 3 йиллик кўчат, плёнка, лимонни парваришлаш учун етарли ўғит ва дори билан таъминланади.

Аграсаноат йўналишидаги беларуслик тадбиркорлар билан ҳам яна бир йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳага кўра, 1250 бош соғин сигир сақланадиган замонавий ферма, қорамолларни сунъий уруғлантириш маркази, ветеринария маркази ва комбикорма ишлаб чиқариш заводи ташкил қилинади. Лойиҳа доирасида икки йилда аҳолининг қорамоллари наслини яхшилаш чоралари ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, кунига 120 тонна сутни қайта ишлайдиган корхона, сиғими 2500 тонна бўлган музлаткич ҳамда логистика маркази қурилиб, минглаб янги иш ўрни яратилади.

- Аъзамхон Усмонович, йирик, таъбир жоиз бўлса, республика аҳамиятидаги лойиҳалар ҳақида гапиряпсиз. Кўпчилик учун қизиқ: лойиҳа ташаббускорлари қариндошларингиз ёки таниш-билишларингиз эмаслиги аниқ. Уларни топиш жараёни ҳақида гапириб берсангиз.

- Жудаям муҳим саволни бердингиз. Суҳбатимиз бошида одамларни тинглашни билиш кераклиги ҳақида айтиб ўтдим.

Битта тадбиркорнинг масаласини у кутганидан ҳам яхшироқ ҳал қилиб бердингизми, у буни бошқасига айтади. Мисол учун, 21 та ғишт заводи ташаббускорларининг аксарияти соҳада тажриба эга бўлган бошқа туман, бошқа вилоят фуқаролари. Улар Каттақўрғонда ҳеч қандай тўсиқларсиз ер берилаётгани, уч кунда фаолият бошлашлари учун туман ҳокимининг қарори чиқарилаётганини, электр, табиий газ тармоқларига уланишда амалий ёрдам берилаётганини кўриб, бири иккинчисини бошлаб келган.

- Бугун маҳаллий ҳокимларга ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида катта имкониятлар берилмоқда. Шундай эмасми?

- Дарҳақиқат, вилоятда раҳбар бўлиб ишлаганимда ҳукумат аҳамиятидаги тадбирга 100 миллион сўм пул олиш учун юқори ташкилотларга икки ой 20 та хат, ўттиз марта қўнғироқ қилиб илтимос қилганмиз.

Каттақўрғон тумани ҳокими сифатида эса 2019 йилнинг олти ойи давомида туман ҳокимлиги захираси ва асосан маҳаллий бюджетни режадан ошириб бажарилганлиги ҳисобига йўл, боғча, кўчаларни ёритиш каби тадбирларга 14 миллиард 100 миллион сўм маблағ тақсимладик. Жорий йилда 20 километрдан ортиқ пиёдалар йўлакчаси қурилди. Туманда собиқ иттифоқ даврида қурилган кўп қаватли уйлар тўлиқ таъмирланди.

- Шунча имкониятларга қарамасдан, айрим ҳокимларда шахсий ташаббус етишмаётгандай, бунга нима дейсиз? Қолаверса, келгуси йилдан маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ижро ҳокимиятидан алоҳида ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда. Шундай вазиятда бу қанчалик тўғри қарор, деб ҳисоблайсиз?

- Ҳар ҳафтада 2-3 та фармон, 8-10 та қарор қабул қилиняпти. Юқори, қуйи, паст бўғин раҳбарлари биринчи навбатда буларни ўзлаштириб олишлари керак: янги ҳужжат нима тўғрисида, мақсад-маъноси нима, ўзининг бевосита фаолиятига қандай таъсир қилади? Бунга улгуриш учун кундалик юмушлардан ортиб, ўқиш, уқиш керак.

Талабни, унинг йўл-йўриғи қандай эканлигини билмасдан туриб ташаббус кўрсатиш мумкинми?

Аслида ташаббус кўрсатиш шарт эмас, ҳаммаси белгилаб бериляпти, фақат улгуриб, амалиётга жорий қилишнинг ўзи катта гап. Шунинг ўзи катта натижа беради.

Ижро ҳокимияти билан Кенгашларнинг алоҳида-алоҳида бўлиши ислоҳот, ривожланиш учун қўйилган навбатдаги қадам. Бунга тайёрмизми-йўқми бу энди, иккинчи масала.

Аммо сайловларда барча даражадаги маҳаллий Кенгашларга сиёсий партиялар томонидан муносиб номзодларнинг кўрсатилиши муҳим масала. Токи, Кенгашлар эртага ижро ҳокимияти раҳбари, туман ҳокимининг хизматкори эмас, том маънода ҳокимлик фаолиятини назорат қиладиган тузилма бўлиши керак.

Ёқуб Гадоев суҳбатлашди.