Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бахт ва ёшлик куйчиси Ҳамид Олимжон 110 ёшда: Вафо ва садоқат тимсоли

Ўзбек шеъриятининг оқсоқолларидан бири Миртемир Ҳамид Олимжон ҳақида шундай деган эди: “Ҳамид Олимжон нодир истеъдод эгаси. Қонида, кўз қорачиғида, тўқсон икки томирида туғма зукколик, шоирона сажия, билгичлик аён. Билмагани оз, ўқимагани кам, чин маъноси билан ўқимишли қаламкаш эди”.

Дарҳақиқат, эртак ва достонларда куйланадиган афсонавий муҳаббат тасвирлари, она диёримиз ва мафтункор табиатимиз ҳақидаги шеърлари не учун умумхалқ томонидан севиб ўқилади, ёд олиб айтиб юрилади? Ҳолбуки, уларнинг барчасида соф муҳаббат туйғулари армонлигича қолиб кетади, севишганларга исталган висол онлари насиб этмайди-ку...!!!

Қизиғи шундаки, айнан ана шундай машаққат ва изтиробли тақдир учун ҳам улар эъзозда бўлади. Тоҳир ва Зуҳра, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун каби мангуликка битилган ишқ тароналарининг қиймати ҳам армонли муҳаббатда, ушалмаган орзуларда эканлиги аён.

Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ўртасидаги ишқ-муҳаббат, оилавий ҳаёт турмуш тарзи ҳам кўп жиҳатдан ана шундай пок севги, вафо ва садоқат намунаси бўлганлиги айни ҳақиқатдир. Аслида Ҳамид Олимжоннинг Бахт, Баҳор ва Ёшлик куйчиси бўлиб элга танилишида ҳам, тарихда қолишида ҳам, Юнус, Мисқол парилардек фариштамисол оналари Комила ая ва бувиси сўзлаб берган эртаклар, достонлар билан бир қаторда ... “ойни уялтирган қош” соҳибаси – Паризоди – Зулфия ҳам сабаб бўлганди. Шоирнинг

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Шунда кўзим кўриб баҳорни,

Шунда қалбим таниди ёрни.

сатрларини эсга олайлик...

Навқирон ошиқ йигитнинг ишқ чаманзорига илк қадам қўйиши ана шундай бошланади. Ярқираган шеърият “қуёши” ёнида унга парвонамисол милтираган “юлдуз” пайдо бўлди. Қуёш нуридан баҳраманд бўлиб, завқ-шавқ олиб муҳаббат қўшиғини куйлайди маҳбуба. Бу қўшиқда муштоқ ошиқ қалб жўр бўлади унга. Таъриф этилганидек:

Икки оташ икки аланга

Икки қалбга туташгани рост,

Бир севгики, жон берар танга

Ҳамид ила Зулфияга хос.

Ҳа...!!! Табиат бу икки мусаффо қалбларда туғён урган муҳаббат ришталарини бирлаштирди. Омон ва Ҳулкардек дилбар фарзандлар ато этди, шеъриятга – гўзалликка шайдо илҳақ қалбга жўшқин илҳом берди.

У кунларни шоира:

Юрак ниҳол олов қўйнида

Ёнар, кулар, яшнарди шайдо.

Орзу ҳиснинг соф ўйинида

Илк шеърларим бўларди пайдо, - деб эслайди.

Лекин афсус-надоматлар бўлсинки, бундай фарахбахш, саодатли онлар нашидаси узоққа чўзилмади. Унинг оташин сатрларининг илҳомбахш қуёши, ҳомийси айни навқиронлик пайтида пок, маъсум туйғуларни, мунис аҳд-паймонларни ғафлатда, доғда қолдириб, учиб кетди сарлочин.

Эриб кетмагандим севгингдан

Бўлмаслик-чун бахтингдан жудо,

Бирга қолиш учун сен билан

Куяману бўлмайман адо.

Наҳот, шунча маъсум, шундай пок

Севишмоқда алам бор шунча,

Бардош бермас ирода, идрок

Тамоман лол, ақл тушунча...

Ажал деган бешафқатга

Кошки отсам ишқимни,

Тўлдирсам ҳам кўкни додга

Сақласам мен бахтимни -

дея армон қилишдан ўзга чора тополмади етим қолган бахт. Аммо шоиранинг жасорати шундаки, у тақдирнинг бу қадар ёвуз туҳфасига нафақат сабру бардош ила кўникди, айни пайтда  Зулфияхоним Ҳамид Олимжон орзу-армонларини амалга оширди. Ҳар йил баҳорда – ўрик гуллаган чоғларда, қалдирғочлар “вижир-вижир”ларида у билан “учрашиб” турди:

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб

Сени излаб юрди, кезди сарсари,

Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени

Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекинди нари.

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,

Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан,

Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга

Секин хабар берди менга ўзидан.

 

Баҳорга бурканган сен севган элда

Овозинг янгради, жўшқин забардаст

Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт

Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда

Ҳаётни куйлайман чекинар алам,

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам.

Ҳа. Чиндан ҳам Ҳамид Олимжондек буюк сиймога тақдир тақозоси билан Зулфияхонимдек оқила, донишманд, матонатли шоира аёлнинг умр йўлдоши бўлиши айни муддао эди. Бинобарин, бу фидойи, вафодор аёлни шоир руҳи қўллади, унга халқи меҳри мададкор бўлди. Улуғ халқимизнинг эзгу, олижаноб фазилатларини, шоирнинг орзу ниятларини қитъалараро муносиб тарзда тарғиб қилди:

Йўл юрдим, соғиндим, тўкилди байтим

Хорижнинг шомлари, саҳарларида.

Эзгу истакларинг жаранглаб айтдим

Осиё, Африка минбарларида.

Ўз навбатида Зулфияхоним ҳам ҳамиша эл-юрти ардоғида бўлди. Унга Ўзбекистон Халқ шоири юксак унвони берилди, етакчи хотин-қизлар журнали “Саодат”да бош муҳаррирлик масъулияти топширилди. Бир қатор халқаро орден ва медаллар соҳибаси бўлиш билан бир қаторда республикамиз миқёсида хотин-қизлар орасида энг нуфузли ҳисобланган Зулфия мукофоти таъсис этилди.

Буларнинг барчаси эл-юртнинг дардини, Ҳамид Олимжондек улкан инсон ва шоир дардини умрбод елкасида кўтариб фидойилик намуналарини кўрсатган матонатли шоирага муносиб эъзоз эди. Зулфияхоним умрининг сўнгги йилларида:

Кўзим устидасан бу туғёнли дам

Сен билан тақдирдош, кундузли бўлдим.

Сени деб сийлади шу азиз Ватан

Эъзозли бўлдим мен, юлдузли бўлдим –

дея иқрор ва шукроналик ила ушбу мисраларини битган эди.

Хуллас, икки дилбар шахс, икки буюк ижодкор Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним яратган бадиий асарларидаги тараннум этилган ғоялар мазмун моҳияти билан ҳам, биргаликда кечирган турмуш тарзлари билан ҳам вафо ва садоқат рамзи бўлиб қолди. Улар ўз халқининг юрагида, эрк деганнинг тилагида мангу яшайдилар.

Нуриддин БОБОҚАНДОВ.