Водийларни яёв кезган шоир
Бугун шодлик ва бахт куйчиси, истеъдодли шоир ва олим Ҳамид Олимжон таваллуд топган кун. У 1909 йил 12 декабрда Жиззах шаҳрида туғилган.
Қуйида Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача маълумот ўқийсиз.
1912 йил - шоирнинг отаси Олимжон ака ўттиз икки ёшида вафот этди. Ҳамид буваси Азим ота ва онаси Комила опалар қўлида тарбия кўрди.
1918 йил - Ҳамид Олимжон Жиззах шаҳридаги Наримонов номли тўлиқсиз ўрта мактабга ўқишга кирди.
1923 йил - тўлиқсиз ўрта мактабни битириб, Самарқанддаги ўзбек билим юртига қабул қилинди.
1925 йил - билим юртининг «Ёш куч» деворий газетаси ва «Учқун» қўлёзма журналида шоирнинг дастлабки шеър ва мақолалари эълон қилинди.
1926 йил - шоирнинг бобоси Мулла Азим вафот этди.
1926-1927 йиллар - Самарқандда чоп этиладиган «Зарафшон» газетаси умумий шуъба бўлими мудирининг муовини бўлиб ишлади.
1927 йил - Учқун тахаллуси билан «Заҳарли юрак» очеркини ёзди.
1927 йил, октябрь - Ўзбекистон маданият ходимлари қурултойига делегат бўлиб қатнашди.
1928 йил, июнь-июль - Қозон, Горький, Ульяновск, Ленинград ва Москва шаҳарларида сафарда бўлди.
1928 йил, октябрь - Ўзбекистон Олий педагогик институти (1930 йилдан бошлаб Ўзбекистон Давлат педагогика академияси) га ўқишга кирди.
1929 йил - шоирнинг биринчи шеърлари тўплами «Кўклам» босилиб чиқди.
1929 йил, 3-8 июль - Бутун Россия деҳқон ёзувчилари 1-қурултойида қатнашиб, Максим Горький билан учрашди.
1929 йил, ёз ойлари - Кримдаги санаторийларнинг бирида Владимир Маяковский билан учрашди.
1930 йил - «Тонг шабадаси» ҳикоялар тўплами нашр этилди.
1931 йил - «Олов сочлар» шеърлар тўплами эълон қилинди.
1932-1933 йиллар - «Ўзбекистон шўро адабиёти» журналида масъул котиб бўлиб ишлади.
1935 йил – таниқли шоира Зулфияга уйланди.
1936 йил – Александр Пушкиннинг «Кавказ асири» ва «Сув париси» асарларини ўзбек тилига таржима қилди.
1937 йил - шоирнинг тўнғич фарзанди Ҳулкар Олимжонова туғилди.
1937 йил - «Шеърлар» тўплами босилиб чиқди.
1938 йил - «Зайнаб ва Омон» достонини яратди.
1939 йил - иккинчи фарзанди Омон дунёга келди.
1940 йил – Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи комитети раисининг ўринбосари бўлди.
1941 йил 27 декабрь - Тошкент зиёлиларининг фашизмга қарши умумшаҳар йиғилишида нутқ сўзлади.
1942 йил - Коммунистик партия сафига қабул қилинди. Шу йили «Қўлингга қурол ол», «Она ва ўғил» шеърий китоблари босилиб чиқди.
1943 йил, 17 февраль - Ўзбек халқининг делегацияси таркибида Марказий фронтга борди.
1943 йил, май - Ўзбекистон ССР Фанлар Академияси мухбир аъзолигига сайланди.
1943 йил, 20 август - Ҳамза номидаги ўзбек давлат драма театрида у ёзган пьеса асосида саҳналаштирилган «Муқанна» спектаклининг премьераси бўлди.
1943 йил, ноябрь - «Ишонч» шеърлар тўплами нашр этилди.
1944 йил, май - шоирнинг сўнгги асари «Жиноят» пьесаси устида олиб борган ишлари якунланди.
1944 йил, 3 июль - автомобиль ҳалокати оқибатида вафот этди.
1944 йил, 21 август - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари Советининг қарорига биноан Тошкент шаҳридаги кўчага, Самарқанд вилоят мусиқали драма театрига, Жиззахдаги педагогика ўқув юртига, Жиззах маҳалласига Ҳамид Олимжон номи берилди. Ўзбекистон Давлат нашриётига рус ва ўзбек тилларида шоирнинг «Танланган асарлари» тўпламини нашр этиш вазифаси юклатилди.
1973 йил - вафотидан сўнг Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофоти лауреати бўлди, «Ҳурмат белгиси» ордени билан мукофотланди.
2017 йил, ноябрь - Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
2017 йил, декабрь - Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Ҳамид Олимжон майдонидаги ҳайкали Алишер Навоий номли Ўзбекистон миллий боғи ҳудудидаги “Адиблар хиёбони”га кўчирилди.
Иззатулла Норқувватов тайёрлади.