Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун депутатларнинг ўрни қаерда?

Янги сайланган депутатлар халқнинг ичига кириб бориб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўра оляптими? Ҳақиқатдан унга ишонч билдириб, уларни сайлаган халқнинг ишончини оқлай оляптими?

Эътироф этиш мумкинки, бугунги кун депутатларининг фаолияти анчайин жонланганлиги кўзга ташланмоқда. Улар халқнинг дардини тинглаш, ҳолидан хабар олиш мақсадида хонадонларга кириб бормоқда ёки ўзи сайланган участкада халқни тўплаб мулоқотга киришмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашига сайланган депутат Комил Явкочдиев туман марказидаги Ғ.Ғулом ва Ж.Маҳмудов маҳаллаларидаги сайловчилар билан учрашиб, уй-жойга муҳтож оилалар, коммунал соҳада мавжуд муаммоларни кўтариб чиқаётган инсонларнинг мурожаатлари билан танишган бўлса, Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат Зайниддин Эгамов Суғот ва Равот маҳаллалари аҳолиси билан учрашиб, Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, унда кўтарилган масалаларни муҳокама қилди.

Шунингдек, депутатлар ёшлар билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммолари билан ҳам танишмоқда. Жумладан, 30-Қайирма округидан сайланган депутат Зариф Жозилов 72-умумий ўрта таълим мактабида ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммо, таклиф ва мулоҳазалари билан танишди.

Туман кенгаши депутатлари Темур Ражабов ҳамда Зариф Жозилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иштихон туманидаги Халқ қабулхонасида туман аҳолисининг муаммолари кўлами, асосий мурожаатларнинг салмоғи билан қизиқди. Туман Кенгаши депутати Нурали Қаюмов бир нечта ногиронлиги бор шахсларнинг уйларига бориб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди.

Албатта, депутатларнинг халқ ичига кириб бориши, муаммолар билан танишиши бугун уларнинг ўрни халқ орасида эканлигини кўрсатди. Аммо муаммоларни ўрганиш илан халқнинг ишончини оқлаб бўлмайди. Ўша ёзиб олинган камчиликни тегишли тартибда ҳал қилиб, улар юзасидан ташкилотларга мурожаат қила олган, депутатлик сўровлари юбориб, муаммонинг ечимини топа олган, аҳолининг оғирини енгил қилган депутатгина элнинг ҳурматига сазовор.

Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.