Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чиқиндидан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулот

“Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги “АSIA FIBER” масъулияти чекланган жамиятида оддий чиқинди – бугунги кунда ҳамма жойда учрайдиган елим идиш қайта ишланиб, саноат учун сифатли хомашё тайёрланмоқда.

Бу корхона фаолияти ҳақида ёзишдан олдин яқинда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда айтилган танқидий фикрларга эътибор қаратсак.

“Тоза ҳудуд” қамрови нега паст?

Президентимиз кейинги йилларда соҳа ишида ўзгариш кузатилаётган, чиқиндини бошқариш ва қайта ишлаш бўйича илғор тажрибалардан фойдаланилаётган бўлса-да ҳамон ечимини кутаётган масалалар, муаммо ва камчиликлар мавжудлигини қайд этди. Бир қатор туманлар, жумладан, Ургутда ҳам тозалаш хизмати қамрови республика кўрсаткичидан икки баравар пастлиги, “Тоза ҳудуд” корхоналарининг дебитор қарздорлиги юқорилиги танқид қилинди.

Хўш, 500 мингдан кўпроқ аҳоли яшайдиган туманда нега вазият бундай?

– Бугунги кунда туманимизда 102 маҳалла фуқаролар йиғини бўлса, уларнинг 34 таси билан шартнома тузганмиз, – дейди “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Ургут тумани филиали раҳбари Анвар Амиров. – Асосан туман марказида бўлган бу ҳудудларда 50 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллалардан ҳафтада камида бир марта махсус техникаларимиз ёрдамида чиқинди ташиб кетилади. Кунига 25 тонна чиқинди чиқарилади. Шунингдек, тумандаги 1000 га яқин корхона ва ташкилот, таълим ва тиббиёт муассасалари, боғчалар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш субъектларига хизмат кўрсатамиз. Қишлоқ жойларидаги аҳоли хонадонларидан чиқиндиларни йиғиб кетиш юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинлари билан тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Лекин бу ҳали кутилган натижани берган эмас. Бу борадаги ишларимизни янада жонлантиришимиз керак. Кўпроқ маҳаллаларни қамраб олсак, шунга яраша техника, ишчи кучи жалб этиш имкониятига эга бўламиз. Туманимизнинг ўзида махсус чиқинди полигони бор. Бу ерда ҳам тадбиркорлик субъектларини ёки хорижий инвесторларни жалб қилиб, замонавий технологиялар ёрдамида чиқиндини саралаш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш мумкин. Ушбу масала бўйича бир қатор таклифлар бўлди, аммо ҳали аниқ лойиҳа тасдиқланмади. Умуман, давлатимиз раҳбарининг танқидий фикрларидан келиб чиқиб йил якунига қадар қамровни ҳозиргидан икки баравар оширишни мўлжаллаб турибмиз. Август ойи якунигача яна 2 та маҳалла билан шартнома тузиб, уларга ҳам хизмат кўрсатишни бошлаймиз.

Маълумотларга кўра, айни пайтда туманда аҳолининг чиқиндидан қарздорлиги 1 миллиард сўмдан ошган.

Чиқиндидан пул қилса бўлади

Йиғилишда мазкур тармоқдаги нодавлат сектор чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашда яхши самара бераётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга давлат-хусусий шериклик асосида кластерлар ташкил этиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини ошириш вазифаси топширилди.

Энди Ургутдаги чиқиндидан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётган замонавий корхона фаолиятига тўхталсак. “АSIA FIBER” чиқинди йиғиш, яъни бу борада аҳолига хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланмайди, фақат етказиб берилган иккиламчи хомашёни қайта ишлайди. Республикадаги саноқли, истиқболли ишлаб чиқариш субъектларидан бири.

– Бугунги кунда дунёнинг саноати ривожланган давлатларида иккиламчи хомаёшдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Ином Умаров. – Айниқса, Европа ва Осиёдаги бир қатор давлатларда чиқиндидан энергия ресурслари, текстил саноати учун хомашё тайёрлаш борасида замонавий технологиялардан фойдаланилади. Биз ҳам ана шу тажрибаларни ўрганиб, Япония, Германия ва Хитойдан замонавий техник ускуналар келтириб, чиқиндини қайта ишлаб, маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик. Ҳаммамиз ҳар куни фойдаланадиган ва чиқиндига ташлаб юборадиган ичимлик сувларининг елим идишлари биз қайта ишлайдиган асосий иккиламчи хомашё ҳисобланади. Ундан бир неча хил полиэстер ип, тола ишлаб чиқаряпмиз. Биз фаолият бошлаган пайтда республикамизда бундай корхона деярли йўқ эди, бугун эса анча кўпайиб қолди. Бу яхши, албатта. Чунки рақобат бўлган жойда янгиликка интилиш, сифат бўлади. Талаб ва эҳтиёж мувофиқлашади.

2016 йилда давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи ва Ургут тумани саноат ҳудудидаги корхоналар фаолияти билан танишув чоғида “АSIA FIBER”нинг ишини юқори баҳолаган ҳамда тадбиркорнинг корхонани янада кенгайтириш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган эди.

– Ўша учрашув чоғида берилган топшириқ асосида банк томонидан керакли миқдорда кредит ажратилди, ўзимиз ҳам маблағ жалб қилиб, корхонамизнинг иккинчи ва учинчи линияларини ишга туширдик, – дея сўзида давом этади И.Умаров. – Ҳозир келтириб ўрнатилган ускуналар нафақат республикамиз, балки МДҲ давлатларида ҳам ягона ҳисобланади. Шунингдек, хориждан ўндан ортиқ малакали мутахассислар, технологларни ишга таклиф қилганмиз. Улар ёрдамида ҳозирда 13 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Биз ишлаб чиқараётган сунъий ип ва толанинг асосий харидорлари эркин иқтисодий зонадаги гилам ва бошқа текстил корхоналари, чарм-пойабзал саноати ишлаб чиқарувчилари ҳисобланса-да республикамиздан бошқа ҳудудларидан ҳам буюртмалар бор. Бундан ташқари, Россия, Туркия, Қозоғистонга экспорт қиламиз.

200 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонада маҳсулот турини ошириш бўйича бир қатор янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Янги ташаббуслар, ташаббускорлар керак

Ургутда шундай замонавий корхона фаолият кўрсатса-ю туманда чиқинди йиғиш ва уни қайта ишлаш масаласида муаммо бор, дейилса ишониш қийин-а? Лекин ҳозирча вазият шундай.

Бугун нафақат шаҳарлар ва аҳоли гавжум қишлоқларда, балки чекка ҳудудларда ҳам маиший чиқинди билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар бисёр. Ҳамма жойда ҳам, ҳамма чиқиндини ҳам кўмиб ташлаб бўлмайди-ку. Айниқса, ҳозирда полиэтилен, елим ва бошқа сунъий материаллардан тайёрланаётган идишлар, кундалик эҳтиёж учун фойдаланилаётган буюм ва ашёлар йил сайин кўпайиб бораётган бир пайтда бундан ҳосил бўлаётган чиқиндиларни зарарсизлантириб, қайта ишлаш тақозо этилади. Бу билан ушбу ишга пул тиккан тадбиркор даромад қилиши, ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ҳисса қўшиши мумкин. Бунинг учун янги ташаббуслар, ташаббускорлар керак, холос. Шундай фаолият билан шуғулланаётган кишиларни кўриб, кузатиб, албатта, ташаббускорлар чиқишига ишондик.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (фото).