Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат хизматларига энди танлов асосида ишга қабул қилинади

Биласизми, Японияда давлат хизматига қабул қилиш тизими 1947 йилда қабул қилинган қонун билан тартибга солинади. Бу мамлакатда давлат хизматига қабул қилишда иккита усулдан фойдаланилади.

Биринчидан, махсус касб ва лавозимлар учун саралаш орқали ишга тайинлаш (ўзининг малакали мутахассис эканлигини исботлаган ишчи ходимлардан саралаб олинади).

Иккинчидан, энг кўп қўлланадиган усул – танлов имтиҳонлари. Танлов имтиҳонлари уч тоифага бўлинади. Яъни, олий маълумотлилар, ўрта-махсус маълумотлилар, тўлиқсиз олий ва ўрта мактабни тугатганлар. Биринчи тоифа ғолиблари асосан раҳбарлик лавозимларига тайинланади. Имтиҳон натижаларидаги юқори кўрсаткич уларнинг келгусида хизмат поғоналарида кўтарилишида муҳим роль ўйнайди.

Германияда давлат хизматига қабул қилиш тизими 1953 йилда (1985 йилда қайта таҳрирланган) қабул қилинган қонун билан тартибга солинади. Давлат хизматига тайинланадиган, сайланадиган ва танлов асосида ишга олинадиган лавозимлар мавжуд. Танлов имтиҳонлари асосида оддий ишчи-ходимлар ишга қабул қилинади. Очиқ танлов имтиҳонларини ўтказишга ҳар бир идора ва ташкилотнинг юқори вазирлиги масъул қилиб белгиланган. Масалан, ўқитувчи иш ўрни учун вакант лавозимларнинг танлов имтиҳонлари асосида жамланишига Халқ таълими вазирлиги жавобгар ҳисобланади.

Россия Федерациясида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш (давлат сири билан боғлиқ бўлган лавозимлардан ташқари) очиқ танлов асосида амалга ошади. Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш бўйича танлов ўтказиш меъёрлари 2005 йилда тасдиқланган. Танлов икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда вакант лавозимларга ишга қабул қилиш тўғрисида интернет тармоғидаги сайтга эълон жойлаштирилади. Талабгорлар талаб этилган барча ҳужжатлар ва аризаларни электрон тарзда ҳамда асл нусхасини танлов комиссиясига тақдим этади. Талабгорларнинг ҳужжатлари белгиланган вакант лавозимларга мослиги тўлиқ ўрганиб бўлингач, биринчи босқич тугайди. Иккинчи босқичда талабгорнинг тегишли вакант лавозимга муносиб билим ва кўникмаларга эга эканлиги, жамоада ишлаш лаёқати ёзма реферат, якка суҳбат орқали аниқланади.

Эндиликда бизда ҳам давлат хизматига қабул қилиш янги тизим асосида амалга оширилади. Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 октябрда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Мазкур агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Шу пайтгача мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб боришга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишига йўл қўймаётган эди.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини ҳамда давлат фуқаролик хизматида профессионал сифатлар ва алоҳида хизматлар асосида кўтарилиб боришни таъминлайдиган номзодларни саралаб олишнинг шаффоф механизмлари шакллантирилмаганди.

Янги ташкил этилган агентлик бу каби муаммоларга барҳам бериб, давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини, уни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлайди. Давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Фармонда белгиланганидек, энди давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади (сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимлар бундан мустасно).

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «Халқ банки» АЖ ҳамда Нукус шаҳри, Андижон шаҳри,  Бухоро шаҳри, Жиззах шаҳри, Қарши шаҳри, Навоий шаҳри, Наманган шаҳри, Самарқанд шаҳри, Гулистон шаҳри, Термиз шаҳри, Ангрен шаҳри, Бўка ва Бекобод туманлари, Фарғона шаҳри, Урганч шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида 2020 йил 1 январдан бошлаб — тажриба тартибида;

давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади.

Муҳими, очиқ мустақил танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинадиган шахслар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишмасдан туриб лавозимдан озод қилиниши мумкин эмас.

Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар бўлинмалари фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади. Давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмаларининг раҳбарлари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади, ҳар уч йилда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида аттестациядан ўтади.

Акобир ШАМСИЕВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи, Республика “Тараққиёт” танлови финал босқичи иштирокчиси.