Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутат фикри: йўлларда тезликни чекловчи тўсиқлар қонунга мос ва замонавий бўлиши керак

Бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вакиллик органлари, хусусан, депутатларга жамият ҳаётида фаол бўлиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айни шу асосда вилоят ҳокими ҳам халқ ноиблари билан фикрлашмоқда, уларнинг таклифларини инобатга олиб, билдираётган фикрларини эътиборсиз қолдирмаяпти. Бунинг натижасида биз, депутатларга сайловчилар томонидан турли масалаларда мурожаатлар бўляпти. Яъни, одамлар вакиллик органига ўзлари сайланган номзодга ишоняпти, қайсидир муаммога ечим топишига умид қиляпти.

Шу маънода айтиш мумкинки, доимий комиссиямизга келган мурожаатлар таҳлилига кўра, мактаб, болалар боғчаси, ошхона ва масжидлар олдидаги йўлда транспорт ҳаракати тезлигини чеклаш мақсадида светофор ўрнатиш бўйича таклиф, талаб ва аризалар кўпайган. Бу табиий ҳолат.

Ўрганишларимиз шуни кўрсатяптики, маҳалла ва гузар йўлларига ҳам светофор ўрнатиш транспорт ҳаракатига халақит беради. Чунки айрим жамоат жойларида куннинг муайян вақтидагина қатнов тиғиз бўлади, холос. Яъни, бу ортиқча харажат ва қўшимча муаммога сабаб бўлиши мумкин.

Муаммонинг ечимида вилоятимизда ҳам транспорт ҳаракатини тартибга солувчи халқаро, яъни замонавий усулларини қўллаш вақти келди, деб ўйлаймиз. Негаки, юқорида айтилган жамоат жойлари олдидан ўтувчи йўлга махсус тўсиқ қўйиш кифоя.

Бунда бир нарсани эслатиб ўтиш лозим. “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонунга кўра, йўллардан фойдаланувчилар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан муттасил, йил давомида, хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга.

Бироқ ҳозирда айрим жойларда ҳаракатни чекловчи тўсиқ бетон ёки асфальтнинг ўзидан ясаб қўйиляпти. Энг ёмони, унинг баландлиги ҳисобга олинмайди. Аҳоли ёки юридик шахслар томонидан қўйилаётган бундай тўсиқлар юқоридаги қонун нормасининг бузилишига, яъни ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир.

Юқорида қайд этилган қонунга кўра, йўл ташкилотлари автомобиль йўлларидан транспорт воситалари муттасил ва хавфсиз ўтишини таъминлаши шарт. Шу сабабли “Самарқанд автойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳалла ва гузарлардаги жамоат жойлари харитасини, улар олдидаги йўлга ўрнатиладиган тўсиқ (бордюр)лар лойиҳа-сметасини ишлаб чиқиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бу юзасидан “Самарқанд автойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти раҳбарига депутатлик сўрови юбордик. Энди гап бу сўровни ўз вақтида, қонун доирасида бажарилишида.

Ўктам САИДМУРОДОВ,

халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.