Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутат ўз округига ташриф буюриши… тўғрими?

Йўқ, албатта! Нега, дейишга шошилманг! Хулосаларни кутинг!

Гапнинг индаллосини айтганда, округ депутатнинг уйи ҳисобланади. У шу уйда яшовчиларнинг кўпчилик овози билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёхуд маҳаллий кенгашларга беш йил муддатга вакил қилиб юборилган. Округ ҳудудида доимий истиқомат қилувчилар депутатни чақириб олиш ҳуқуқига эгалигини ҳам унутмаслик даркор.

«Ишдан кейин уйимга ташриф буюриб, оила аъзоларимнинг фаолияти билан атрофлича танишдим», дейиш қанчалик эриш туюлса, депутатларнинг ўз округига «ташриф буюриши» шунчалик ўринсиздир. Айни ёндашувни вазирлар ва республика идоралари раҳбарларига нисбатан ҳам татбиқ этиш фойдадан холи бўлмайди. Боиси, улар ҳам ўзи жавобгар тизим ташкилотларига «ташриф буюриши» оммавий ахборот воситалари орқали тез-тез кузатилмоқда.

Буни аввалига хабар тайёрлаётган мухбирлар ёки матбуот котибларининг сўзларни қўллашдаги савиясизлигига йўйгандим. Лекин депутат ва вазирлар телеэкранларда бемалол шундай гапираётганини эшитганимдан кейин дастлабки манба мутасаддиларнинг ўзлари эканига амин бўлдим.

Хўш, кимлар ташриф буюриши мумкин? Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламент спикерлари, парламент ва ҳукумат делегациялари… Депутат ва вазирлар расмий делегациялар таркибида бирор жойга борса, ташриф деса ярашади. Ташриф буюрувчиларга алоҳида меҳмонхоналар, сара озиқ-овқатлар, транспорт воситалари ҳозирланади. Хавфсизликни таъминловчи муассасалар мутахассислари жалб этилади. Кутиб олиш ва кузатиб қўйиш тартиблари бўлади.

Депутат кутиб олувчилар томонидан тўланадиган беш юлдузли меҳмонхоналарда туриш, тансиқ таомлар тановул қилиш, қимматбаҳо автомобилларда юриш учун бормайди-ку, ахир. Депутат – округдаги муаммоларни чуқур ўрганувчи, шу ерда яшовчиларнинг хоҳиш-истакларига, қувонч-ташвишларига қулоқ солувчи ва уларнинг ечими юзасидан ижроия органларига аниқ таклиф киритувчи ваколатли вакилдир. Ваҳоланки, шундай масъулиятли вазифалар юкланган инсон «Ойда бир марта округга ташриф буюриб келяпмиз» деса, уни «нигоҳ генерали»га ўхшатишдан ўзга чора қолмайди. Баъзи блогерларнинг фикрича, кўпчилик депутатлар азалдан шу таърифга муносиб бўлиб келган.

Хуллас, «поездка» билан «визит»нинг фарқига бормаслик ушбу атамаларни билиб-билмай чалкаштириш – депутатни сайланган электоратда, вазирга умид кўзини тиккан одамларда «Ҳа-а, булар бюджет ҳисобидан ташриф буюриб юравераркан-да», деган нотўғри тушунчалар шаклланишига сабаб бўляпти.

Озоджон РАЖАБОВ,

«XXI asr» мухбири.