Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дини ва эътиқодини ўзгартирган одам ёлғизлик, жамиятдан узилиш азобини тортади

Яқинда аҳоли, айниқса, ёшларни миссионерлик ва прозелитизм таъсиридан ҳимоялаш масаласига бағишланган йиғилишда вилоят ҳокими Э.Турдимов мафкуравий таҳдидлар, жумладан, “Иегова шоҳидлари” гуруҳининг очиқдан-очиқ таъқиблари, хатти-ҳаракатларининг аянчли оқибатларига тўхталиб, кенг жамоатчиликни, айниқса, маҳалла фаоллари, депутатлар ва сиёсий партиялар вакилларини ушбу масалага эътиборли, огоҳ бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Вилоятимизда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар мутасаддилари, айрим мутахассислар билан шу масалада фикрлашдик.

Гулноза СУЛТОНОВА, Самарқанд давлат университети ўқитувчиси:

-  Ҳар қандай оқим, гуруҳбозлик ва ақидапарастликнинг замирида саводсизлик ётади. “Иегова шоҳидлари” каби гуруҳлар юзлаб инсонларнинг манфаати ва эҳтиёжларини бўғиш ҳисобига кимларнингдир манфаатларига хизмат қилади. Бу ўз навбатида, жамиятдаги номувозанатлиликни кучайтиради, ягона эзгу ғоя асосида ҳаракат қилишга халақит беради.  Ёшларни бундай зарарли оқим ва таълимотлардан ҳимоялашнинг асосий омили мафкуравий иммунитетни кучайтириш билан боғлиқ. Яъни, турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги даврда аждодлар маънавий меросини ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш, шу орқали ёшларда миллий ғурур, бунёдкорлик, Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш, уларни миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш лозим.

Акбар МАҲМУДОВ, Республика тожик миллий-маданий маркази вилоят бўлими раиси:

-  Ўзбекистондаги диний ва миллатлараро тотувликни сақлашга доир юксак инсонпарварлик сиёсати, барқарорлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик, меҳр-оқибатлилик муҳити кўплаб мамлакатларга намуна бўлишга арзийди. Афсуски, бундай имкониятдан ўзининг бузғунчи ғояларини тарғиб этишда фойдаланаётган кишилар ҳам учраяпти. Айрим гуруҳлар яратилган шароитлардан шукроналик келтириш ўрнига миссионерга айланиб, кўп миллатли халқимизнинг бирдамлигига таҳдид қилишмоқда. Жумладан, “Иегова шоҳидлари” ташкилоти юртдошларимизнинг онгини заҳарлаб, кўр-кўрона ўзларининг мафкурасини сингдиришга уриниши на диний, на ахлоқий меъёрларга тўғри келади. Чунки бизнинг азалий қадриятларимиз ва эътиқодимизга бундай ғоя ва таълимотлар ёт ҳисобланади.

Ахмед ТУРСУНОВ, Республика татар ва бошқирд миллий-маданий маркази вилоят бўлими раиси:

- 12 йилдан буён мазкур марказга раҳбарлик қиламан ва ҳар қандай тадбир, анжуманда ўзимиз қатори бошқа миллат вакиллари ҳам қатнашади. Бизда “Сабантўй” миллий байрамимизда корейс, арман, рус, ўзбек ва бошқа миллат вакиллари фаол иштирок этади. Шунинг ўзиёқ бизда миллатлараро тотувлик нечоғли барқарор эканлигидан далолат. “Иегова шоҳидлари” каби гуруҳларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари эса шу заминда яшаётган, биз, турли миллат вакилларининг эътиқод эркинлиги, дўстона муносабатларимизга таҳдид солишига йўл қўймаслик керак.

Вячеслав Черепанов, Республика рус миллий-маданий маркази вилоят бўлими раиси:

- “Иегова шоҳидлари” тарқатаётган ғоялар аҳил-иноқ, дўстона муносабатларда яшаётган халқимиз учун зарарли, деб ҳисоблайман. Чунки бу ташкилот маркази жойлашган мамлакатда ҳам унинг фаолияти чекланган. Миллатлар, динлар ўртасида низо уйғотувчи бундай ташкилотлардан биз ҳам мустаҳкам ҳимояланишимиз зарур.

Зариф ДАВРОНОВ, тадбиркор:

-  Миссионерларнинг айёрона ғояларига эргашиб, тинч бир оила пароканда бўлди. “Иегова шоҳидлари”нинг ёлғон ваъдасига учган, ўз дини ва эътиқодини ўзгартирган оила бошлиғи ёлғизланиб, жамиятдан узилиб қолди. Агар муқаддас қадриятлар жамланган оиламизни асрамоқчи бўлсак, иродамизни мустаҳкамлашимиз, ҳар хил миссионерлик ҳаракатларидан огоҳ бўлишимиз шарт.

Насиба САЛИМОВА, уй бекаси:

-  Бугун “оммавий маданият” ниқоби остида кўр-кўрона таҳдидлар бўлаётганини, ҳар хил диний оқим ва миссионерлик ҳаракатлари авж олаётганини бола тарбиялаётган оналар жиддий ҳис этмоғи керак. “Иегова шоҳидлари” каби гуруҳларнинг асл қиёфасини очиб берувчи давра суҳбатлари, мулоқотларни маҳаллалар, таълим муассасаларида кўпроқ ташкил этиш лозим.

Б.РАҲМОНОВ ёзиб олди.