Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Элчи Қирғизистон миллий кутубхонасига Алишер Навоий китобини совға қилди

culture.akipress хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Комил Рашидов А.Осмонов номли Қирғизистон миллий кутубхонасида ташкил этилган ўзбек шеърияти султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган маърифий тадбирда иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик, бир-бирини қўллашга асосланган кўп йиллик анъаналар икки давлат муносабатларини нафақат сиёсат ва иқтисодиёт, балки маданият, таълим ва туризм соҳаларида ҳам аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
- Бизда турли давлатлар, хусусан, ўзбекистонлик қардошларимиз билан биргаликда муҳим воқеалар, байрамларга бағишланган маданий тадбирлар ўтказиш анъанага айланган, - деди Қирғизистон миллий кутубхонаси директори Жылдыз Бакашева. - Бу борада бугун ўтказилаётган улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган “Алишер Навоий ижоди ва замонавийлик” маънавий-маърифий тадбири муҳим аҳамиятга эга.

Элчи К.Рашидов тадбир чоғида Жылдыз Бакашевага Алишер Навоийнинг "Тафаккур хазинаси" ва мамлакатимизда чоп этилаётган "Шарқ юлдузи" журналининг Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган махсус сонини совға қилди. Ўз ўрнида Ж.Бакашева ушбу нодир китоб ва журнал учун К.Рашидовга миннатдорчик билдирди ва «Ушбу асар ва журнал кутубхонамизнинг энг қимматли китобларидан бўлиб қолади», деди.