Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Элмира Боситхонова: Ҳар бир маҳаллада “Саломатлик мактаби” ташкил этилиши зарур

Аввал хабар берганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова шу кунларда Самарқанд вилоятида аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда.

Кеча, 16 январь куни вазир ўринбосари Булунғур туманида амалга оширилган ишлар билан танишди. Жумладан, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган “Аёллар маслаҳатхонаси” ва “Қизлар саломатлик маркази” фаолиятини ўрганиб, соҳа масъулларига иш унумдорлигини ошириш ҳамда ҳар бир маҳаллада “Саломатлик мактаби”ни ташкил этишда тавсияларини берди.

Шунингдек, Э.Боситхонова тумандаги бир неча хонадонларга кириб, аёллар билан саломатлик, соғлом турмуш тарзи ҳақида суҳбатлашди, рўзғор юритишда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш зарурлигига аҳамият қаратди. Шунингдек, аҳолини хатловдан ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларни ўлчаш жараёнлари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ҳолатини ўрганди.

Э.Боситхонова вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлим раҳбарларига туманнинг Самарқанд маҳалласида энг намунали “Саломатлик мактаби”, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида энг намунали “Аёллар маслаҳатхонаси” ва “Қизлар саломатлик маркази”ни ташкил этиш вазифасини топширди.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.