Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди инкассатор ҳар куни безовта қилмайди

Президентимизнинг 2018 йил 30 октябрдаги «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб нақд пул тушумини топшириш ва ундан фойдаланишнинг янгича тизими жорий этилди.

Унга кўра, бир кунда энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробаридан кўп савдо тушуми бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ёки мустақил топшириш имконияти яратилди. Кунлик савдо тушуми ЭКОИҲнинг 20 баробаридан кам савдо тушумига эга субъектлар эса нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврда ёки шахсан келтириш имкониятига эга бўлди. 

Эндиликда қарор асосида инкассация хизмати мақбуллаштириладиган бўлди. Бунда тижорат банкларининг инкассация бўйича харажатларини камайтириш, кунига энг кам иш ҳақининг 1 баробаригача савдо тушумига эга бўлган субъектлар тушумларини банк кассасига мустақил ёки инкассация хизмати орқали даврий вақтда (уч кун, 1 ҳафта ёки ўн кунда бир бор) топшириши мумкин бўлди. Бунинг учун инкассация хизмати, банк  ва субъектлар ўртасида уч томонлама шартномалар қайтадан тузилмоқда.

Мижознинг хоҳишига кўра, кўрсатилган даврдан олдин маблағ топшириш зарурати бўлса, мижоз банк кассасига мустақил равишда ёки инкассация хизматига олдиндан талабнома бериб, нақд пул топшириши мумкин.

Шунингдек, қарор билан юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб ҳам жорий қилинди.

 Фурқат АҲМЕДОВ,

Марказий банк вилоят бош бошқармаси масъул ходими.