Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Энди коммунал хизматлар учун маошингиздан ушлаб қолишга йўл қўйилмайди»

Бу ҳақда 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида табиий газ бўйича дебитор қарздорликни камайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.

«Шу вақтгача корхона-ташкилотлар ходимларининг маошидан коммунал хизматлар учун ойма-ой маблағ ушлаб қолинган. Ўша истеъмолчи ҳақиқатан ҳам қарздорми, йўқми, бу бировни қизиқтирмаган. Буни емаган сомсага пул тўлаш, дейиш мумкин. Энди бундай ҳолатга йўл қўйилмайди. 

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор, албатта. Кўплаб ҳудудларда аҳолининг коммунал тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслиги оқибатида жуда катта қарздорлик келиб чиқмоқда. Истеъмолчи эса ўз вақтида тўловни амалга оширмаяпти.

Шунинг учун тезроқ электрон ҳисоблагичларга ўтишимиз керак. Айтайлик, 2019 йилда 2,5 миллионта мана шундай замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, жорий йилда яна 4,5 миллионта ҳисоблагичлар ўрнатилиши кўзда тутиляпти. Энди истеъмолчи худди уяли алоқа учун олдиндан тўлов қилгани каби табиий газ ёки электр энергиясига ҳам шундай тўлов қилсин. Шундагина икки томонда ҳам бугунгидек сарсонгарчилик ҳолатлари кузатилмайди», - деди бош вазир.