Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ер ва сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланганга чора кўрилади

Самарқандда бўлиб ўтган ўқув-семинарда ер ва сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, ерларнинг ўзбошимчалик билан қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятимизда фаолият юритаётган аграр соҳа ходимларига Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги қарори мазмун-моҳияти тўғрисида тушунча берилди.

Унга кўра, эндиликда суғориладиган ерлар махсус муҳофазага олиниб, улардан қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид равишда тегишли рухсат олмасдан, ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланади.

Бундай ҳолларда етказилган зарар миқдори Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари томонидан аниқланади. Хусусан, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган экин майдонлари тупроқ унумдор қатламига етказилган зарарни хисоблаш тартиблари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича белгиланган тартиббузарлик ҳолатларига нисбатан ҳам чоралар қўлланилади.

Семинарда соҳада қонунчилик тизимини шакллантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан бажарилаётган ишлар ҳақида фикрлар билдирилди.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.