Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимов: Мурожаат ҳал этилиши шарт. Бошқа йўли йўқ

Вилоят ҳокимининг бугун, 28 сентябрь куни Ургут туманида бўлиб ўтган навбатдаги сайёр қабулида 300 га яқин мурожаат қайд қилинди. Мурожаатларнинг аксарияти газ, электр таъминоти, йўл, ичимлик суви ва бошқа масалалар билан боғлиқ бўлди.

Вилоят ҳокими ҳар бир муаммони ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар берди.

- Ҳал этилмайдиган муаммонинг ўзи йўқ, - деди Э.Турдимов. – Агар имконияти йўқ ёки қонунга зид мурожаат бўлса, бунга шахсан ўзим рад жавоб беряпман.

Қайд этилишича, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни вилоят ҳокимлигида сайёр қабулларда тушган мурожаатлар ижроси муҳокама қилиб борилади. Масъулиятсиз, топшириқ ижросини пайсалга солаётган раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилади.

Дарҳақиқат, мурожаатларда кўтарилаётган аксарият масалалар катта маблағ ва меҳнат талаб қилмайди. Мисол учун, Ургут туманининг 15 фоизи табиий газ билан таъминланган. Демак, аксарият хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилади. Маълумотларга кўра, бу борада 14 та “ISUZU” русумли автомашиналар хизмат қилмоқда.

- Тизим билан боғлиқ 8 та мурожаат бўлди, - дейди “Ҳудудгаз” Самарқанд филиали бошлиғининг 1-ўринбосари Олим Исақулов. – Шундан 1 таси табиий газ босимининг пастлиги бўйича. Суюлтирилган газ масаласидаги мурожаатларнинг ҳам ечими бор.