Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фарғонада яна жанжал: 6 нафар шахс қамоққа олинди

Жорий йилнинг 10 март куни соат тахминан 14:30 да 24 ёшли фуқаро И.О. бир гуруҳ танишлари билан бирга Фарғона шаҳар С.Аҳмад кўчасида фуқаро Т.У. билан ўрталаридаги ўзаро келишмовчилик сабаб гап талашиб жанжаллашган.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, жанжал шунчаки муштлашув билан якун топмаган, деб ёзмоқда ЎзА.

Т.У. ва И.О. ўзлари билан олиб келган пичоқларни ҳам ишга солиб, бир-бирини таналарининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб тан жароҳати етказган.

И.О.нинг жиноий шериклари ҳам жанжалда фаол иштирок этиб, қўлларидаги тош ва темир жисмлар билан фуқаро Т.У.нинг бош ва танасининг турли қисмларига уриб, оғир тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойидан воқеага алоқадор тош бўлаклари, ошхона пичоғи ва қон намуналари ҳамда шу атрофдаги савдо дўконига ўрнатилган видеокузатув мосламасига қайд қилинган тасвирлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан И.О ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 104-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни содир этган шахсларнинг 6 нафарига нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Фарғона вилоятида тан жароҳатлари етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, фуқаролар ўртасида турли низоли келишмовчиликлар замиридаги жанжаллар натижасида юзага келадиган ўткир тиғли жисмлар ёрдамида тан жароҳати етказиш жиноятларини мукаммал даражада камайтириш мақсадида ўтказилган “Тиғ” тадбирлари давомида 500 дан ортиқ ўткир тиғли жисмлар олинди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаган 19 нафар ҳуқуқбузар "Дамас"чилар маъмурий қамоққа олинган эди.