Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фарзандларга қизиқ-қизиқ китоблар ўқиб беринг, ҳикоялар айтинг

Бугун коронавирус туфайли дунё аҳли, жумладан, халқимиз ҳам синовли кунларни бошдан кечиряпти. Мавжуд ҳолат ҳар биримиздан лоқайдлик ва бефарқликни четга суриб, огоҳ ва эҳтиёткор бўлишни, ҳамжиҳатликни талаб этмоқда.

Айни синовли дамларда Президентимиз бошчилигида давлат ва ҳукумат раҳбарларининг халқпарварлиги, инсонпарварлиги намоён бўлаётир. Бу офатни ваҳимага берилмасдан, сергак ва ҳамжиҳат бўлиб, талафотларсиз ўтказиб юбориш учун етарлича куч ва маблағлар сафарбар этилмоқда. Ватанимиз чин маънода она бўлиб, ўз халқини ҳимоя қилмоқда. Ушбу жараёнга ортиқча таъриф бермасак-да, барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Айни пайтда, карантин эълон қилиниши муносабати билан аввало, таълим муассасаларидаги талаба ва ўқувчи-ёшларга таътил берилгани халқимизнинг нақадар болажонлигини яна бир бор намоён этди. Узайтирилган таътил кунларида уларнинг билим олишининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида онлайн мактаб фаолияти жадал йўлга қўйилди. Фидойи ва жонкуяр устозларнинг онлайн дарс машғулотларини тасвирга олишда фаол қатнашиб, фан ўқитувчиларининг телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали ўқувчисининг билим олиши, ўз устида мустақил ишлашига ундаб тургани эътиборга молик.

Бир сўз билан айтганда, бугун нафақат болаларимизга, балки, халқимизга ҳар томонлама чексиз ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Аммо бундай саъй-ҳаракатларга бепарво бўлиш, ўзимизни-ўзимиз, атрофдагиларимизни асрашга бефарқ бўлишимиз инсонийликка тўғри келмайди. Фарзандларимизнинг таътил деб, кўча-кўйда, жамоат жойларида, жамоат транспортларида ва дўконларда юриши давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрликка хиёнатдир. Уларнинг ўйинқароқлик қилиб, қўни-қўшниларнинг фарзандлари билан ўйнаб юриши бундай хавфли юқумли касалликнинг олдини олмайди. Шу боис аввало, ота-оналар, маҳалла фаоллари, зиёлилар кўз-қулоқ бўлиб, болаларни уйда, тоза-озодаликка риоя қилган ҳолда, мутахассисларнинг тавсияларига қулоқ тутишса, нур устига аъло нур бўларди. Ота-оналар фарзанларининг мустақил дарс тайёрлашини назорат қилиб, бунга шароит яратиб беришса, боболар ва момолар набираларга қизиқ-қизиқ китоблар ўқиб беришса, ҳикоялар айтиб беришса, таътилнинг мароқли ва фойдали ўтишига муносиб ҳисса қўшган бўларди.

Ушбу холисона айтган фикрларимизни, даъватимизни вилоят халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган барча ходимлар, ўқитувчилар имкон қадар ота-оналарга етказишса, болалар тақдирига бефарқ бўлишмаса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ахир сизу бизнинг бахтимиз ҳам, ҳаловатимиз ҳам, таъбир жоиз бўлса, энг катта байрамимиз ҳам фарзандларимизнинг саломатлиги.

Саидаҳмад УСМОНОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.