Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фестиваль иштирокчиларидан илк фикрлар

Ранда Ҳамид, “SAMA” мусиқа фестивали директори (Судан):

- Тарихга қизиқаман. Жумладан, Ўзбекистон тарихини ҳам ўрганишга ҳаракат қиляпман. Қарийб 3 минг йиллик кўҳна шаҳар - Самарқандда бўлиш кўп йиллик орзуим эди. Бу тарихий кентда ўтказилаётган нуфузли мусиқа фестивали шаҳарга келувчи сайёҳлар сонини кўпайтиришга хизмат қилиши табиий, албатта. Интернет саҳифалари орқалигина таниганим қадим Самарқанднинг тарихий, меъморий ёдгорликларини ўз кўзим билан кўриш, томоша қилиш иштиёқи менга тинчлик бермаяпти.

Сун Ҳее Сунг (Жанубий Корея):

- Шифокор бўлганим учун Абу Али ибн Синонинг асарларини кўп ўқиганман. У мусиқа инсон руҳиятини даволовчи восита эканлиги хусусида қимматли фикрларни илгари сурган. Ўйлайманки, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ижро этиладиган куй-қўшиқлар аждодингизнинг ана шу фикрларини исботлайди.

Ўзбекистонга биринчи бор келишим. Кореядан келган ҳамроҳларимнинг аксарияти бу заминда бўлишган, таассуротларини мен билан ўртоқлашган. Аввалги фестивалларда ижро қилинган куй-қўшиқларни такрор-такрор тинглаганман. Дунё аҳлини ром этиб келаётган муаззам Регистон майдонида туриб турли миллат ва элатларнинг ноёб мусиқий асарларини бевосита эшитиш бахтига муяссар бўлаётганимдан мамнунман.