Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳабиба Султон бегим мақбараси ёхуд Ашратхона нега халқимиз орасида нотўғри талқин қилинади?

Самарқандда жойлашган Ашратхона тарихий обидаси ҳақида кўп бор эшитганмиз. Аммо халқ орасида у “Ишратхона” номи билан ҳам юритилади. Аслида бу маскан қандай жой?

Мазкур обида Хожа Абду Дарун мақбарасининг шимол томонида жойлашган бўлиб, “ашратхона” араб тилидан таржима қилинганда “ашрат” - ўн деган маънони англатиб, яъни “ўнта хона” номи билан аталувчи бинонинг харобаларидир.

Маълумотларга қараганда, иншоот Темурий султон Абу Саид (1451-1469 йиллар) ҳукмронлиги даврида, тахминан 1464 йилда Боғи Ферузанинг бурчак қисмида севимли рафиқаси Ҳабиба Султон бегим ва қизига (манбаларда қизининг исми Ҳованбека деб келтирилган) атаб икки қаватли пишиқ ғиштдан қурилган. Мақбара биносининг ташқи томони мозаикалар билан қопланган, ички томони зарҳал ва тилласуви юритилган бадиий безаклар билан безатилган.

Ishratxona" mehmonxonaga aylantiriladimi? — Sof.uz

XIX асрнинг охирларида Ўрта Осиё маданиятидан хабари йўқ рус босқинчилари Ашратхонани “Ишратхона”, деб нотўғри талқин қилади. Туркистон Республикаси Марказий ижроия қўмитаси ва халқ комиссарлари Кенгашининг 1923 йил 27 мартдаги 52-сон қарори билан мақбара “Ишратхона” номи билан рўйхатга олинади ва мақбара халқимиз онгига шу ном билан сингдирилади.

Юртимиз мустақилликка эришгач, мақбара эски номи билан Ашратхона деб ўзгартирилиб, қайта давлат рўйхатига олинади. Аммо ҳамон халқ орасида “Ишратхона” дея нотўғри талқин қилиш ҳолатлари учрамоқда. Мақбарани нима учун “Ишратхона” деб атай олмаймиз?

Биринчидан, ислом динида ҳурмат билан тилга олинадиган, IX асрда яшаган аллома Абди ал-Муаъзиддин (Абду Дарун) мажмуасининг қарама-қарши томонида шоду-хуррамлик ва ишратхона сифатида хизмат қиладиган бинонинг қурилиши ҳақиқатдан йироқ бўлиб, мантиққа тўғри келмайди.

Хожа Абду Дарун мажмуасининг йирик бино-хонақоҳи султон Абу Саид ҳукмронлиги даврида қурдирилган бўлиб, ушбу ҳудудда улкан ободонлаштириш ишлари олиб борилганлиги султон Абу Саиднинг Абд ал-Маъзиддинга бўлган юксак ҳурматини ифодалайди. Ҳабиба Султон бегим мақбараси қуриладиган ер майдонининг айнан шу жойдан танланиши ҳам бежиз эмас.

XIX асрнинг ўрталарида яшаб ўтган Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида Ашратхона ҳақида қисқача тариф берилиб, иншоот Амир Жалолиддининг қизи Ҳабиба Султон бегимнинг мақбараси эканлиги баён қилиб ўтилган ва бу ҳақда бошқа маълумот бермаган.

Мажмуа ичида 1940 йилда олиб борилган археологик қазишма ишлари натижасида аёл суякларининг топилиши иншоот мақбара сифатида қурилганлигидан далолат беради.

Шунингдек, мақбарада 1919 йилда М.Е.Массон, 1926-1927 йилларда В.Л.Вияткин, 1930 йилда Т.Б.Крусманлар томонидан илмий-археология ишлари олиб борилган.

Мақбарани бугунги кўринишга қандай келиб қолганлигини ўрганиш учун архив манбаларини кўздан кечирдим.

Маълум бўлишича, XIX аср охирида (йили аниқ эмас) Ҳожи Маҳмуд Турдибоев Самарқанд округ губернаторининг рухсати билан мақбаранинг ғиштлари ва зарҳал бадиий безакларини бузиб олиб, Хожа Абду Дарун қабристонидаги 8 та ҳужранинг қурилишига ишлатган. Бу воқеадан сўнг шу давр оралиғида мажмуанинг зарҳал ва тилласуви юритилган безаклари маҳаллий аҳоли томонидан талон-торож қилинган.

1897 йилги зилзила оқибатида бинонинг гумбаз қисми ўта оғир авария холатига келиб қолган. Оқибатда 1903 йилда мақбаранинг гумбаз ва уни ушлаб турувчи тиргак қисмлари қулаб тушган.

В.Л.Вияткиннинг манбасида келтирилишича, мажмуага яқин ҳудудда яшовчи мулла Маъруф (1912 йил) томонидан деворнинг зарар етмаган изора (безак)ларини талон-торождан сақлаб қолиш мақсадида яширинча Европа ва Америка музейларига берган. Лекин кўп қисми хорижий коллекционерлар қўлига бориб тушган.

Тариҳдан биламизки, Темурий ҳукмдорлар севимли рафиқалари ва фарзандларига атаб улкан мақбара ва масжидлар қурдирган. Мисол тариқасида Амир Темурнинг рафиқаси Бибихонимга атаб қурдирган масжид ва мақбара мажмуаси, Шохруҳ Мирзонинг рафиқасига атаб Ҳирот шаҳрида қурдирган жомеъ масжид ва мақбара биноларини келтиришимиз мумкин. Ҳабиба Султон бегим мақбараси ҳам шулар жумласига киради.

Ботир ШАЙМАТОВ,

вилоят маданий мерос бошқармаси ходими.