Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбий хизматни ўтаётган йигит ўқишдан нега четлаштирилди?

Олий маълумот олишдан мақсад нима, деган саволга кўпчилик ўйланмасдан жавоб қайтариши мумкин. Аммо яхши мутахассис бўлиш учун шунинг ўзи кифоями? Иштиёқ, интилиш, қизиқиш бўлмаса, мақсад ноаниқ бўлса, диплом сизга ҳаёт йўлларингизда ёрдам бера оладими?

Шундай давр келдики, ҳужжатингиз бўлса-ю, қўлингиздан ҳеч иш келмаса, олий таълим муассасида ўтган 4 йил умрингизни ҳавога совурибсиз. Шундоқ ҳам олий ўқув юртига ўқишга кириш бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда, осон эмас.

Талабанинг асосий вазифаси ўқиш, илм олишдан иборат бўлса, у нега дарс қолдиради?

Айтайлик, 2 курс талабаси ўқув йилининг иккинчи ойида ҳарбий хизматни ўташга жўнаб кетди. Албатта, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси Ватан олдидаги бурчини бажариши лозим. Амалдаги қонунларга биноан соғлом, лаёқатли йигитлар 18 ёшдан 27 ёшгача муддатли ҳарбий хизматни ўташи керак. Бундан бўйин товлаганлар тегишли тартибда маъмурий, айрим ҳолларда эса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Аммо, танганинг иккинчи тарафи ҳам борлигини унутмайлик. Самарқанд ветеринария медицинаси институти проректори, доцент Б.Нарзиевнинг таъкидлашича, амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, олий таълим муассаси талабалари таътил пайтларидагина бу имкониятдан фойдаланиб, бурчларини бажаришлари керак. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, талаба 38 соат асоссиз дарс қолдирса, ҳайфсан олиши, 76 соат дарс қолдирадиган бўлса, талабаликдан четлаштирилиши белгиланган.

Доцент Э.Шаптаковнинг маълумот беришича, талаба бу ҳақда деканатга маълум қилиб, ариза келтирганида, унинг аризасига институтнинг 2-бўлими ва институт юристининг хулосасига кўра, маъмуриятнинг умумий хулосаси асосида жавоб қилинади, деб айтилган ва ариза маъмуриятга чиқарилган. Сўнг расмиятчиликсиз, устоз ва шогирд очиқчасига гаплашиб олган. Шаптаков талабасига, бунинг натижасида кўп дарс соатларини қолдириши, фанларни ўзлаштиролмай қолиши мумкинлиги, келажакда бу нарса унинг фаолиятига таъсир қилишини таъкидлаган. Бундай вазиятда академик таътил олиши зарурлиги ҳам тавсия этилган.

Гап-сўзлардан сўнг, талаба дарсларга келмай қўйган. Деканат томонидан унинг ота-онасига хат жўнатилган.

Чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар билан ишлаш бўлими бошлиғи полковник Т.Нарзиев талабанинг аризасига “1 ойлик ҳарбий хизматни таътил пайтида ўташи керак”, деб хулоса берган.

Мудофа ишлари бўлими томонидан юборилган маълумотномада “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига асосан иш (ўқиш) жойи ва иш ҳақи (стипендияси) сақланади, дейилган.

Аммо хавфсизлик ва Мудофа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги (Қонунчилик Палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан маъқулланган) Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддаси 5-қисм билан тўлдирилган.

 Уни айнан келтирамиз: “Олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-августда жалб этилади.”

Талабанинг яқин қариндошларидан бири Р.Ботировнинг (Исмлар ўзгартирилган) гап-сўзларига кўра, талаба оиладаги 2-ўғил, отаси ёшлигида вафот этиб кетган. Ўзининг тиришқоқлиги учун 25 ёшида давлат гранти асосида институтга ўқишга киришга муваффақ бўлган. Ҳарбий хизмат учун тўланган ўша 4 300 000 сўмни йиғиш учун ҳам ўзи меҳнат қилган. Шу ойда у 27 ёшга тўлади, хизматга бормаса, ҳарбий гувоҳнома олиш имкониятини қўлдан чиқаради.

Демак, талабада ҳарбий хизматни ўташ учун аввалроқ имконият, хоҳиш бўлмаган ёки биз билмаган яна бошқа сабаблар бор.

Нима деб ўйлайсиз? Ҳарбийда хизмат қилиш, йигитлик бурчини бажариш ватанпарварликнинг оддийгина кўриниши, холосми?

Лекин шуниси аёнки, ҳарбий хизматни ўташга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Бу бурч. Аммо олий таълим муассасасининг ҳам ўз тартиб-қоидалари, белгиланган меъёрлари борлигини эътиборга олишимиз лозим. Бу бурчни бажаришингиз белгиланган меъёрларнинг бузилишига олиб келмаслиги керак.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.