Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳайдаркўл соҳилларида илк маротаба ҳарбий хизматчилар овчилар билан ҳамкорликда ўқув-услубий йиғин ўтказди (фото)

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси билан ҳамкорликда экстремал шароитларда яшовчанлик бўйича икки кунлик ўқув-услубий йиғин ташкил этди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Жиззах вилоятида жойлашган Ҳайдаркўл соҳилларида ўтказилган йиғинда 60 нафарга яқин овчилар ва ҳарбийлар иштирок этди.

Дастлаб, ҳудудда дала чодирлари тикланди ҳамда ҳарбий қурол-аслаҳалар ва ов учун мўлжалланган қуроллар кўргазмаси ташкил этилди. Унда ҳар бир қуролнинг ўзига хос жиҳатлари ва унинг хусусиятлари ўрганилди.

Йиғиннинг биринчи куни соҳилдан егулик излаш билан бошланди. Ҳарбийлар ва овчилар гуруҳларга бўлиниб, овчи итлар ёрдамида из олиш, уни қидириб топиш, қайиқлар ёрдамида балиқ овлаш каби машғулотларга жалб этилди.

– Ҳарбийлар ва овчилар ўртасида ўқув-услубий йиғин илк маротаба ўтказилмоқда, – дейди Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник Пўлат Сотволдиев. – Мерганлик, жисмоний чиниққанлик ва экстремал шароитларда яшаб кетиш каби жиҳатлар бу икки касбни бир-бирига яқинлаштиради. Бу ерда олов ёқиш, овланган парранда ва балиқни овлаш, гўштидан ҳар хил турдаги таомлар тайёрлаш каби амаллар бажарилди. Тажриба ва натижалар гулхан атрофида муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғинда қуш ва ҳайвонлар овозини ўхшатиш ва уларни ўзига жалб қилган ҳолда ов қилиш маҳоратлари борасида тажриба алмашилди.

Йиғин якунида ҳарбий ва овчилар томонидан егулик учун овланган ҳайвонлар, паррандалар, балиқлар сарҳисоб қилинди. Унга кўра, маҳоратли овчилар ҳамда балиқчилар аниқланди. Энг илғор овчи ва ҳарбийларга округ қўмондонлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва дипломлар топширилди.