Ҳарбий хизматчилар энди жанговор байроқ эмас, юрт байроғи олдида қасамёд қилади
Жорий йилнинг 5 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонун билан тизимга оид бир қатор қоидаларга ўзгартирилиб, қўшимчалар киритилди.
Хусусан, ҳарбий хизматга биринчи марта чақирилган ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида Ватанга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қабул қилади. Қайд этиш лозимки, бунгача ҳарбий қасамёд тадбирлари жанговор байроқ олдида ўтказилар эди.
Чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасалари бошқа ном билан, яьни Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказлари, деб номланди.
Эндиликда, олий таълим муассасаларидаги таьлимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақирув резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-август ойларида жалб этилади.
Ҳарбий хизматга резервдан ёки захирадан ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган офицерларга олий таълим муассасасидаги ўқиш ҳамда ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликка мувофиқ келадиган лавозимлардаги иш стажи, энликда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади.
Лазиз ОБЛОБЕРДИЕВ,
01404-ҳарбий қисм жанговор тайёргарлик бўлинмаси катта офицери, капитан.