Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижтимоий тармоқлар – озодлик сари қўйилган қадамми?

ёхуд “Акакий методи ҳақида мулоҳаза

Ижтимоий тармоқлар ҳатто уларда рўйхатдан ўтмаган одамлар ҳақида ҳам маълумот тўплайди. Ҳайрон бўляпсизми? Аммо бу ҳақиқат. Эътибор берганмисиз, ҳозир деярли ҳамма веб-сайтда ижтимоий тармоқ белгиси ифодаланган (“Лайк”, “Репост” ва ҳ.к.) қўшимча тугмачалар жойлаштирилган. Аммо буни ўзига яраша салбий жиҳатлари бор – ижтимоий тармоқлар ўша тугмачаларга мурожаат қилган ҳар бир “меҳмон” тўғрисида статистик маълумотлар йиғиб боради, деб ёзади ЎзА.

“Менинг ҳеч кимдан яширадиган сирим йўқ” дейишингиз мумкин, албатта. Бироқ қуйида келтириладиган мулоҳазалар фикрингизни ўзгартириши мумкин.

Ҳар бир фуқаро Фейсбукдан 40 кун ичида ўзи ҳақида тўпланган барча шахсий маълумотларни беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. 24 ёшли талаба Макс Шремс ижтимоий тармоқдан ўзи тўғрисидаги мавжуд информацияни жўнатишларини сўрайди. Маркнинг сўрови қондирилгач, у шунчаки ҳайратга тушади. Нега дейсизми? Ахир Фейсбук унга 1200 саҳифадан иборат бутун-бир ҳужжатни тақдим этган, бунинг устига маълумотлар 57 тоифага (қизиқишлари, сиёсий қарашлари, хоббиси, иши, маълумоти, дўстлари, фотосуратлари, пароли, ёзишмалари ва бошқалар) бўлинган эди-да.

Бошқача айтганда, ижтимоий тармоқлар бизнинг ҳаётимиз ҳақидаги маълумотларни фаол тўплаб боради. Фақат ўйлаб кўринг, битта одам учун – 1200 дан ортиқ саҳифа. Яна бу воқеа олис 2011 йилда рўй берганига нима дейсиз? Шу пайтгача ахборотни жамлаш ва таҳлил қилиш алгоритми янада такомиллашганига шубҳа йўқ.

Маълумки, ижтимоий тармоқлар тез-тез бошқа фойдаланувчилар билан дўстлашишни тавсия этиб туради. Уларнинг аксарияти бизга таниш чеҳралар бўлгани учун дўст тутиниб кетаверамиз. Аммо Фейсбук яқинда янги функцияни ишга туширди. Масалан, бир-бирини “умрида кўрмаган” бемор ва психиатр-шифокорга ўзаро “дўстлик” тавсия қила бошлади.

Табиийки, фойдаланувчилар тармоқдаги саҳифасига қандайдир тиббий муассасага мурожаат қилгани тўғрисида маълумот жойлаштирмайди. Ахир, ким ҳам “психиатр қабулига бораяпман” деб одамларга жар соларди.

Ўз-ўзидан савол туғилади, хўш унда бу ҳақда Фейсбук қандай хабар топди? Ҳар ҳолда фол очмагани аниқ-ку.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ижтимоий тармоқ геолокация (интернет фойдаланувчининг географик жойлашувини аниқлайдиган дастур) орқали ўша одамларнинг тез-тез борадиган жойларини кузатади ва уларга “дўстлик ришталарини боғлашни” таклиф этади. Бошқа бир тахмин, Фейсбук компаниясига тегишли WhatsApp мобиль иловаси билан боғлиқ. Унга кўра, мазкур мессенжердан фойдаланадиган шифокорлар телефонида одатда беморлар рақами ҳам сақланган бўлади ва шундан келиб чиқиб уларнинг бир-бирига “дўстлик” юбориш тавсия этилади.

Ҳаммаси нимага қараб кетаётганини тушунаяпсизми? Ижтимоий тармоқлар аллақачон биз ҳақимизда, ҳатто ўзимиздан кўра кўпроқ нарсаларни билаяпти! Бу эса уларга бизнинг ҳақиқатимизни бошқариш имконини бермоқда.

Биз янгиликлар тасмасини кўздан кечираётганда нима содир бўлади? Ритм. Ғилдиратаверамиз, ғилдиратаверамиз, ғилдиратаверамиз. “Лайк” босамиз. Ғилдиратаверамиз, ғилдиратаверамиз, ғилдиратаверамиз. “Репост”, яъни бўлишамиз. Хуллас, “экран”да кўраётганимиз ҳодисаларга (матн, видео, фото, аудио ва ҳ.к.) жавоб тариқасида ўз реакциямизни билдириб турамиз. Шу тариқа ўзига хос ўзаро алоқа шаклланади. Биз қандайдир ёқимли ҳисларни туйишни хоҳлаймиз. Такрор ва такрор лаззат олишни истаймиз. Худди ўйин автоматларига ўхшайди бу ҳам.

Қатор ижтимоий тармоқлар аниқ фойдаланувчи учун, яъни бошқаларга нисбатан айнан ўша одамга қизиқроқ бўлган нарсаларни кўрсатадиган “ақлли янгиликлар тасмаси”ни (у босган ва бўлишган “лайк”, “репост” тугмалари, изоҳлари ҳамда тармоққа сарф этаётган ўртача вақтидан келиб чиқиб) жорий қилганига ҳам кўп бўлмади.

Келинг, ижтимоий тармоқда Акакий номи билан рўйхатдан ўтган оддий фойдаланувчи мисолида масалага янада чуқурроқ ёндашамиз. Акакий одатда янгиликлар тасмасини “варақлаш” учун 5 дақиқа ажратади. Тармоқ Акакий Татьянани ёқтиришини билади. Сизнингча, ижтимоий тармоқ қаҳрамонимизни ўзида кўпроқ ушлаб туриш учун нима қилади? Топдингиз, охирги бешинчи дақиқа тугаётганда унга Татьянанинг суратини кўрсатади.

Табиийки, Акакий суюклиси учун битта “лайк” тортиқ этмасдан ёки Татьянанинг беназир гўзаллиги шарафига ўзининг оташин “изоҳларини” (бу ўринда “изҳорларни” деб ҳам ўқиш мумкин ) қолдирмасдан чиқиб кетмайди. Ўз-ўзидан равшанки, энди Акакийнинг тармоқда “ушланиб қолиши” яна 10 дақиқага узаяди...

“Етарли, энди чиқиш вақти келди...” деб ўйлайди Акакий ва одатга кўра яна бир-икки “пост”га кўз югуртиради. Ўз навбатида, “ақлли” тармоқ Акакийнинг энг қалин ошнаси Иван эканини ҳам билади. Шунинг учун янгиликлар тасмасига ғоятда “назокатлик” билан Иваннинг мулоҳазалари тиқиштирилади. “О, оғайни, қанча қиш, қанча ёз ўтиб кетди!” ўйлайди Акакий ва жондек дўсти билан бир-икки оғиз сўз алмашишга қарор қилади. Айни пайтда, унинг тармоқда “ўтириш” муддати 15 дақиқага яқинлашиб қолади.

Ниҳоят, Акакий бор иродасини ишга солиб тармоқдан чиқишга қатъий қарор қилганда саҳифалар ойнасида қаҳрамонимизни мутлақо қониқтирмайдиган мавзуда, унинг қитиқ-патига тегадиган пост пайдо бўлади. У нима қилади? Ҳаммасини унутиб, бутун вужуди билан “ҳақиқатни” тиклашга киришиб кетади. Яъни, ўзининг салбий мушоҳадаларини ёзишни бошлайди. Хуллас, бир соат ўтди. Акакий ҳалиям онлайн.

Азизлар, юқорида келтирилган мисолда шунчаки ижтимоий тармоқларнинг кишилар ҳис-туйғуларини бошқариш орқали ўз мақсадларига эришиш усуллари борасидаги гипотетик фаразимизни баён этдик. Яъни, ижтимоий тармоқлар ҳақиқатан ҳам “Акакий методи”ни амалда қўллаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, аммо бунинг имконияти ва эҳтимоли юқори.

Дилшод Нуруллоҳ, журналист.