Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иштихон ва Пахтачида озиқ-овқат захираси қандай жамғарилмоқда?

Шу кунларда туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича ҳудудда яратилган тизим, аҳолининг асосий турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот бермоқда.

Ҳисоботларда келгуси йилнинг май ойигача бўлган эҳтиёжга етарли қайси маҳсулотни қачон ва қаердан олиниши алоҳида қайд этилмоқда.

Хусусан, халқ депутатлари Иштихон тумани Кенгаши сессиясида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисида туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Ш.Ибрагимовнинг ҳисоботи тингланди.

Қайд этилганидек, туманда аҳоли сони 253,2 минг нафарни ташкил этиб, аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган 6 ойлик талаби тиббиёт меъёрлари бўйича ойма-ой ҳисоблаб чиқилган.

Жумладан май ойига қадар 2393 тонна мол гўшти, 1152 тонна қўй гўшти, 1848 тонна товуқ гўшти, 27,3 миллион дона тухум, 6583 тонна картошка, 2532 тонна пиёз, 3292 тонна сабзи, 9786 тонна ун, нон ва макарон, 899 тонна балиққа талаб мавжуд. Бу турдаги маҳсулотлар аксарияти туманнинг ички имкониятлари ҳисобига тўлиқ қопланади ва ортиқча маҳсулотлар бошқа ҳудудларга савдога чиқарилади. Бироқ туманда умумий эҳтиёжга нисбатан 173 тонна кам балиқ етиштирилади.

Бу каби туманда тайёрланмайдиган ёки ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотларни қўшни туманлар ва вилоятлардан олиб келиш режалаштирилмоқда. Хусусан, Иштихон туманидаги 4 та тайёрлов корхонаси Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги тадбиркорлар билан 460 тонна гуруч харид қилиш бўйича шартнома тузган.

Шакарга бўлган эҳтиёж Хоразм ва Ангрен шакар заводлари ҳамда импорт ҳисобидан қопланади.

Тумандаги 4 та пахта ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар 1 ойда 130 тонна, 6 ойда эса 780 тонна ўсимлик ва пахта ёғи ишлаб чиқариш қувватига эга. Албатта бугунги кунда аҳолининг арзон ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжи юқори. Шу боис эҳтиёж учун 780 тонна (62,0 фоиз) маҳаллий, 472 тонна (38,0 фоиз) ёғни импорт маҳсулотлар ва бошқа ҳудудлардан олиб келиш режалаштирилган.

Жорий йил 3-чорак маҳаллий бюджетга тушган тушумлар ва “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилган 1 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан "Темир дафтар"га киритилган эҳтиёжманд аҳолига 2020-2021 йил қиш ва баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилмоқда. Қайд этилишича, “Темир дафтар”даги 2052 та оилаларнинг 9063 нафар аъзолари учун 490 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захира қилинади.

***

Пахтачи туманида бугунги кунда 144 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини, бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда барча қатламдаги аҳолининг йил давомида истеъмол талабини қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳақда халқ депутатлари туман Кенгашида ҳисобот берган туман ҳокими Музаффар Ҳамдамов айтиб ўтган.

Қайд этилишича, туманда 2021 йил май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун 18 минг 340 тонна, шу жумладан, 3065 тонна гўшт, 511 тонна балиқ, 3741 тонна картошка, 1439 тонна пиёз, 1871 тонна сабзи, 705 тонна гуруч, 5562 тонна ун, 655 тонна ўсимлик ёғи, 791 тонна шакар ҳамда 15 миллион 541 минг дона тухум захирасини яратиш зарур бўлади.

Аҳолининг истеъмол талаби энг юқори бўлган 10 турдаги маҳсулотларнинг 7 таси гўшт, тухум, балиқ, картошка, пиёз, сабзи, ун тўлиқ ички имкониятлар ҳисобидан қопланади. Етишмайдиган шакар (791 тонна), гуруч (705 тонна) ва ёғ (655 тонна) вилоят ва ҳудудлар ҳисобидан импорт қилиниши эвазига қопланади.

Бугунги кунда 605 тонна пиёз (96 фоиз) ва 100 тонна картошка (7 фоиз), 103 тонна гуруч (40 фоиз) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жамғариш учун банк кредитларига бўлган умумий талаб 477 миллион сўмни ташкил этиб, 2 та субъектга 361 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Яна 3 та субъектга кредит ажратиш учун зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Туманда захирага жамланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун 2 та 1230 тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга музлаткичли омборхона мавжуд.

Сессияда қайд этилишича, ҳар бир маҳаллада савдо дўконлари ва кичик экобозорларни ташкил қилиш, бозорлар ва савдо комплексларида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш чоралари кўрилмоқда.