Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ЖССТ: Коронавирус оқибатида қайд этилаётган ўлим кўрсаткичи ниҳоятда юқори

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус оқибатида қайд этилаётган ўлим ҳолатларини номақбул, деб атади. Бу ҳақда ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури раҳбари Майк Райан маълум қилди.

Райаннинг сўзларига кўра, COVID-19 чекинмаяпти, ҳар ҳафта 1,8-2 миллион одам коронавирус инфекцияси билан касалланмоқда. Шундан 40-50 минг нафар ўлим ҳолати қайд этилмоқда. Ҳолатни у “ниҳоятда юқори кўрсаткич”, деб атади.

Мутахассис ўлим ҳолатининг ошиши глобал кўламда интенсив эмаслигини, аммо бунинг ортида “айрим мамлакатларда, ҳудудий даражада ўлим ҳолатларининг ошиши” яширинганлигини қўшимча қилди. У коронавирус ҳали узоқ давом этишини таъкидлади.

16 сентябрь куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш коронавирус пандемияси назоратдан чиқиб кетаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда пандемия глобал хавфсизлик олдидаги биринчи рақамли хавф бўлиб қолмоқда ва яқин орада инсоният коронавирус оқибатида ҳалок бўлганлар сони бўйича бир миллионлик кўрсаткичдан ўтади.