Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Компьютер ва мобил телефонларнинг саломатликка салбий таъсирини биласизми?

Илм-фан соҳаси тез суръатларда ривожланаётган XXI аср – ахборот технологиялари ва интеллектуал салоҳият асри сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас. Ахборот алмашинуви жараёнларининг такомиллашуви натижасида телевидение, радио ва матбуот нашрларидан ташқари яна бир мукаммал тизим  - интернет ҳаётимизга кириб келди. Телекоммуникация соҳасидаги қулай, тезкор ва замонавий усуллардан бири бўлган бу тармоқ имкониятларни янада оширди. Ундан исталган маълумотни қисқа фурсатда олиш, фойдаланиш, билимларимизни мустаҳкамлашимиз ва янгиликлардан хабардор бўлишимиз мумкин.

Аммо ушбу манбадан нотўғри фойдаланиш айрим кишилар, айниқса, болаларда муросасизлик, атрофдагиларга нисбатан бефарқ, шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўз ҳиссиётларини устун қўйиш каби салбий ҳолатлар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида кундалик турмушда кутилмаган муаммо ва кўнгилсизликларни келтириб чиқаради.

Давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан бири ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, ақлан баркамол қилиб вояга етказиш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашга кўмаклашишдан иборат экан, бу борада ҳаммамиз фарзандларимиз тарбияси учун бирдек масъул бўлишимиз лозим.

Шу нуқтаи назардан фарзандингизни компьютер олдида бир соатдан ортиқ ўтирмасликка ўргатинг. Монитор орасидаги оралиқ масофа 50 сантиметрдан кам бўлмаслиги зарурлигини таъкидлаб туринг. Шунингдек, унинг олдида кўп вақт ва нотўғри ўтириши умуртқа поғонасининг қийшайишига олиб келади. Компьютердан фойдалангандан сўнг жисмоний машқлар бажариб туриш керак.

Мобил алоқа телефонларига келсак, бу ўзидан электромагнит тўлқинлари тарқатади. Шунинг учун мобил телефонларини 7 ёшгача бўлган болаларга бериш, у билан узоқ муддат гаплашиш мумкин эмас. Болаларга телефонларни юрак соҳаси атрофида олиб юрмасликларини тайинланг. Ундан чиқаётган нур мия фаолияти, эшитиш, сезиш  қобилиятига салбий зарар етказишини таъкидлаб туринг.

Ахборот технологиялари воситаларидан тўғри фойдаланайлик ва ўзимиз, фарзандларимиз соғлигини асрайлик.

Яхшинор АЛЛАЁРОВ,

Самарқанд давлат тиббиёт институти доценти.