Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавирус хасталигида тўйиб овқатланиш керакми?

Коронавирус хасталиги келиб чиқиши биланоқ уни даволаш, олдини олиш борасида мутахассис тавсиялари берила бошланди. Карантин қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзини олиб бориш энг асосий тавсиялардан бири бўлиб қолаверди. Аммо кейинчалик тавсиялар аҳоли орасида турли талқин этилиб, тўйимли овқатланиш жуда муҳим эканлиги ҳақидаги қарашлар пайдо бўлди. Умуман, аҳоли орасидаги бу фикрлар қай даражада асосли? Тўйимли овқатланиш деганда нима тушунилади? Коронавирусга чалинган ёки ундан даволанган кишилар қандай овқатланиши керак? Келинг, шу ҳақда фикр юритайлик.

Шакар истеъмолини камайтириш - илк қоида

Коронавирус хасталиги даври уч босқичга бўлинади, унинг ҳар бир даврида овқатланишнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Мисол учун, вирусга чалинган илк даврда киши ҳолсизланиб, ҳарорати кўтарилади. Ўзида дармонсизлик ҳис қилади. Бу пайтда бемор кўпроқ суюқлик ичиши шарт. Суюқлик деганда фақат сувни эмас, мева шарбатлари, ўтли дамламаларни тушуниш керак. Наъматак, зубтурум каби гиёҳли дамламаларни ичиб бориш фойдали. Иложи борича мева қайнатмаларини шакарсиз ичган маъқул. Сабаби, кўпчилик қувват бўлади, дея шакар, новвотли чой ичишни кўпайтиради. Аслида шакар истеъмоли миқдорини кескин ошириш қондаги қанд миқдори кўпайишига, ошқозон ости бези фаолиятининг зўриқишига олиб келади. Барчанинг хабари бор, қанд хасталиги бор инсонлар ушбу вирус билан курашиши қийин кечмоқда. Шу нуқтаи назардан ҳам бу пайтда шакар истеъмолини камайтиришни тавсия этган бўлардим. Ўрнига табиий асал, шинни каби маҳсулотлардан меъёрида фойдаланган маъқул.

Кучсиз организмни кучли таом билан қийнаманг

Касаллик юқишининг илк даврида кишида иштаҳа пасаяди, одам кўп суюқлик ажратади. Юқорида айтилган ичимликларни доимий ичиб бориш, ичганда ҳам бирдан ярим литр суюқликни эмас, балки ҳар ўн дақиқада ҳўплаб ичиш тавсия этилади. Таомларга келадиган бўлсак, бу пайтда иштаҳа пастлиги учун иложи борича кўпроқ суюқ овқатлар, иштаҳа очиш учун кўкатлар, мева-сабзавотларни истеъмол қилиш керак.

Кейинги пайтларда кўпчиликда коронавирус ич кетиш билан ҳам кузатиляпти. Бу пайтда, айниқса, кўп суюқлик истеъмоли муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ушбу ҳолатда ҳам суюқ таомлар истеъмол қилиш керак. Қовурилган таомларни емай турган маъқул. Овқат миқдорини эмас, сонини ошириш мумкин. Кам-камдан истеъмол қилинган овқат ошқозонга оғирлик қилмайди, кишига қувват бўлади. Кўпчилик ҳозирги пайтда вирус билан хасталанганлар кучли таом ейишлари керак, дея ҳазми оғир овқатларни тановул  қилишга ўтган. Бу нотўғри қараш. Аввало, оғир овқатлар вирусга чалинган одамни толиқтириб қўйиши мумкин. Қовурилган, дудланган таомларни ҳазм қилишнинг ўзи кишидан катта энергия талаб қилади. Дармонсиз ётган инсон бу ҳолатда кучли овқатланишининг ўзи мантиққа тўғри келмайди.

Касалликнинг илк ва кейинги, ўпкага ўтиш босқичида кўпроқ енгил ҳазмли, қайнатилган таомлар, шўрва, димлама истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Гўшт қиймаси, парранда, балиқ гўштини парҳезбоп тарзда пиширилган ҳолда истеъмол қилиш тавсия этилади. Барибир кўпроқ сабзавотли таомлардан ейиш керак. Айни ҳозирги фаслда қовоқ, шолғом, сабзи, картошка, карам, кўкатлар каби маҳсулотлар солинган таомлар организмни зўриқтирмайди, витаминлар билан тўйинишига ёрдам беради. Ушбу маҳсулотлардан тайёрланган салатлар овқатланишда доимий бўлиши иштаҳани очиш, ҳазм қилишда ёрдам беради. Ўсимлик маҳсулотларига кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

Ўсимлик маҳсулотлари - энергия манбаи

Меваларни иложи борича асосий овқатланиш пайтида эмас, балки ундан аввал тановул қилиш керак. Ҳар куни 300-400 грамм мева истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, бу пайтда табиий шарбатлар ҳам ичиш тавсия этилади. Сабзи, лавлаги аралашмасидан иборат ва бошқа шарбатлар иммун тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Аммо ич кетиш билан боғлиқ кечаётган хасталикда мева ва сабзавотлар истеъмолини чеклаш, уларни хомлигича истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Тузалиш даврига келгач эса овқатланиш тартибини ўзгартирмаслик керак. Бу пайтда ҳам ҳали юқоридаги тавсияларга амал қилиш лозим. Фақат овқат миқдорини кўпайтириш мумкин. Аммо бирдан организмни зўриқтирадиган таомлар истеъмолига ўтиш ярамайди. Аста-секинлик билан икки ой давомида парҳезбоп, мева-сабзавотга бой таомномага амал қилиб туриш тавсия этилади. Таомномани кескин ўзгартириш ошқозон-ичак йўлларида турли хасталикларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўсимлик маҳсулотлари - энергия манбаи, шуни унутмаслик керак. Дармонсизликни бемалол улардаги углеводлар билан қоплаш мумкин.

Сайдулла РАСУЛОВ,

тиббиёт фанлари доктори.