Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавируснинг янги штамми янги чора-тадбирларни талаб қилади

Дунёда коронавируснинг янги штамми авж олиб бораётган бир вақтда юртимизда касаллик хуружи нисбатан пасайганини кўриб турибмиз. Аммо бу қувонишга сабаб бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати шу борадаги масалаларга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаевага мурожаат қилди:

- 2020 йил коронавирус пандемияси билан эсда қолди. Бу вируснинг асоратларини аввалига тушунмадик, - дейди Севара Убайдуллаева. - Шунга қарамасдан, ўз вақтида бу касалликни даволаш, касаллик асоратларининг олдини олиш ва тарқалишини назорат қилиш орқали коронавирусдан касалланиш ҳолатларининг нисбатан камайишига эришдик.

Ҳозирда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси, шу билан бирга юкумли бўлган бошқа инфекциялар ҳам назоратга олинди, десак бўлади. Бу дегани кўчаларда бемалол юришимиз мумкин, дегани эмас. Сабаби, ҳозир дунё бўйича ҳам, юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тўлиқ йўқ бўлиб кетмади. Айниқса, бу инфекция бошқа вируслардан фарқли ўлароқ, тез-тез мутацияга учрамоқда. Хусусан, Буюк Британияда мутацияга учраган янги штамми тезлик билан тарқалмоқда. Охирги сутка давомида дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг 740 221 та янги ҳолати аниқланиши, энг ачиналиси, 12 502 нафар бемор вафот етгани бизни ҳушёр торттириши керак. Чунки коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда.

Коронавируснинг бу штамми, Буюк Британия олимларининг таъкидлашича, инфекциянинг одатий турига кўра, юқумлилиги 71 фоизни ташкил этади, яъни бирламчи пайдо бўлган коронавирус инфекциясига қараганда ўта юқумлидир. Шу боис, бу касаллик кириб келишининг олдини олиш мақсадида 20 дан ортиқ давлатлар Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатди.  Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам бир неча давлатлар қаторида Буюк Британия билан авиақатновлар вақтинча тўхтатилди.

Дунёдаги кўпгина давлатлар ўз ихтиёри ва имкониятидан келиб чиқиб, бошқа давлатлардан кириб келаётган фуқароларни текширувдан ўтказмоқда. Бу билан коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олишга қисман эришмоқдалар. Хусусан, бизда ҳам ҳар бир чегара худудларида, авиақатнов ёки темир йўллар орқали кириб келаётган фуқаролар текширувдан ўтказилмоқда.