Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар мактабида болалар полда ухлагани акс этган суратни тарқатиш кимга керак бўлди?

Сурхондарё вилояти ҳокимияти, вилоят прокуратураси, вилоят халқ таълими бошқармаси ва Шўрчи тумани ҳокимияти вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ тумандаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ётоқжой етишмаганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганиб чиқди.

Айни вақтда Шўрчи туманидаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 265 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 206 нафари муассасаса ётоқхонасида истиқомат қилади. Қолган 59 нафар ўқувчи ўз уйидан мактаб-интернатга қатнаб ўқийди.

Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, ўрганиш жараёнида мактаб-интернат кутубхоначиси С.Эргашева ва бошқа ўқитувчилар билан суҳбат ўтказилди.

Аниқланишича, 2019 йилнинг 20 сентябрь куни 3-“Б” синф ўқитувчилари М.А. ҳамда С.Қ.  ўқувчиларни дарсдан олиб чиқиб, мактаб-интернати кутубхонаси полига матрас кўрпаларни тўшаб, ўқувчиларни ётқизган ҳолда расмга олган. Сўнгра ўқувчиларни ётоқхонага, ўзларининг яшаш жойларига чиқариб юборган. Ушбу ҳолатни мактаб-интернати ўқитувчиси Б.Ж. ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Ишчи гуруҳ вакиллари 3-“Б” синф ўқувчилари билан ҳам суҳбат ўтказди. Улар ҳеч қачон полда ётмаганлигини ва барча ўқувчиларга ўқиш ҳамда ётоқхоналарда шарт-шароитлар яратилганлигини маълум қилишди.

Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси Шўрчи туманидаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчилари Б.Ж., М.А. ва С.Қ.ларнинг ушбу хатти-ҳаракатларини қонун доирасида кўриб чиқиш бўйича туман прокуратурасига мурожаат қилди. Ҳозирда ушбу ҳолатга доир Шўрчи туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.