Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган ва ижод қилган уйга хотира лавҳаси ўрнатилади

Буюк маърифатпарвар адиб, аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили Самарқанд шаҳрида дунёга келган. У 1913 йилда Самарқандда «Самарқанд» (ҳозирги "Зарафшон") газетаси, «Ойна» журнали чиқишида жонбозлик кўрсатган. Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмалари келтириб, янги усулдаги мактаб дастури тайёрлаган, дарсликлар, китоблар ёзган. Адиб сифатида ўзининг «Падаркуш» драмасини, бундан ташқари, ўзбек ва тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Беҳбудий қолдирган ранг-баранг адабий-маданий мерос халқимизнинг ноёб дурдонасига айланган.

Таъкидлаш ўринлики, мутафаккир бобомиз Самарқанд шаҳар Мир Саид Барака кўчаси, 47-уйда яшаш билан бирга шу ерда "Самарқанд" газетасининг илк сонларини чоп эттирган.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шу каби бетакрор меросини ёш авлод вакилларига еказиш мақсадида эртага - 2019 йил 2 май куни Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи томонидан  маънавий-маърифий тадбир ташкил этилади. Тадбир доирасида адиб яшаган ва ижод қилган уйга хотира лавҳаси ўрнатилади.

Агар Сиз ушбу тадбирда иштирок этишни истасангиз 2 май куни соат 11.00 да юқоридаги манзил - Самарқанд шаҳар Мир Саид Барака кўчаси, 47-уйга келинг.