Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактабларда тўртта фанни бирлаштирган ҳолда битта янги фан ўтилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя ва маънавият асослари” ва “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани 1-9 синфларда 2020-2021 ўқув йилидан, 10-11-синфларида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

- икки ой муддатда “Тарбия” фани бўйича умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартини ва ўқув дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

- 2020-2021 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-9 синфлари учун, 2021-2022 ўқув йилида 10-11-синфларга мўлжалланган “Тарбия” фани дарсликлари, мультимедиа иловалари ва ўқув-методик мажмуаларга буюртмаларни шакллантиради;

- 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб “Тарбия” фани жорий этилиши муносабати билан фойдаланиш муддати тугамаган дарсликлар учун амалга оширилган харажатларнинг қопланишини инобатга олган ҳолда дарслик тўпламларининг ижара тўлови миқдорларини қайта кўриб чиқади.