Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Меркурийнинг Қуёшдан оладиган энергияси Ер оладиган энергиядан 7 марта кўп

Сайёралар катта массали жисмлар бўлиб, Қуёш атрофида ўз орбиталари бўйлаб айланиб туради. Бизнинг Қуёш тизимимизда саккизта сайёра: Меркурий, Венера, Ер, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун мавжуд. Бу сайёраларнинг дастлабки 4 таси ички ёки Ер гуруҳидаги сайёралар, деб аталса, кейинги 4 таси ташқи ёки газли гигантлар, деб аталади. Бу рўйхатдан яқин йилларгача сайёра ҳисобланиб келган Плутон тушиб қолган. Сабаби, Плутон 2006 йилгача Қуёш тизимидаги энг сўнгги сайёра ҳисоланиб, Халқаро астрономия ассоциациясининг қарори билан у сайёралар сафидан чиқарилиб, митти сайёралар сафига ўтказилди. Чунки у қолган сайёраларга нисбатан ҳажми жиҳатидан ҳам, гравитация майдони жиҳатидан ҳам кичик ҳисобланади.

Барча сайёралар номлари юнонлар ва греклар мифологияси худоларининг номларидан олинган. Меркурий (грек-юнон мифологияси бўйича савдо сотиқ худоси, арабларда эса Утаруд деб аталади), Венера номи севги худоси шарафига қўйилган (арабларда у Зуҳра номи билан аталади), Уран - осмон худоси, Нептун - денгизлар худоси, Сатурн - деҳқончилик худоси, (арабларда Зуҳал), Юпитер – момақалдироқ худоси (арабларда Муштарий), Марс - уруш худоси (арабларда Миррих) деб номланган.

Қуёш тизимидаги Меркурий ва Венерада табиий йўлдошлар мавжуд эмас. Қолган барча сайёраларнинг йўлдошлари бор. Юпитер учта юпқа ҳалқаларга эга бўлса, Уранда 11 та бундай ҳалқалар мавжуд. Бу ҳалқаларни кучли телескопларда ҳам илғаш жуда қийин.

 Газсимон Қуёш туманлиги пайдо бўлгач, у ўзининг ичидаги гравитация кучлари таъсирида вайрон бўлиб юзага келган. Унинг атрофидаги газлар, чанглар ва муз зарралари йиғилиб сайёралар вужудга келган. Қуёшнинг юқори температураси унга яқин муз зарраларини эритиб, қояларни ҳосил қилган. Бу қоялар катталашиб, дастлабки тўртта сайёра вужудга келган. Айрим муз зарралари Қуёшдан анчагина узоқда жойлашган ва улар муз парчаларини юзага келтирган. Улар ҳам ўз навбатида, газлар билан бирлашиб газли гигант сайёраларни пайдо қилган.

Ер гуруҳидаги сайёралар темир, никел каби металлардан иборат. Улар газли гигантлардан ўлчамлари бўйича анча кичик бўлсалар-да, аммо уларга нисбатан жуда оғир ҳисобланади. Чунки зичликлари катта бўлади. Улар оғир бўлганликларидан газли гигантларга нисбатан ўз ўқлари атрофида анча секин айланади. Бундан ташқари, бу сайёраларнинг гравитация майдони газли гигантларникига нисбатан кучсиз бўлади ва шу сабаб уларнинг табиий йўлдошлари жуда кам. Бу гуруҳдаги сайёралардан фақатгина Ер ва Марснинг йўлдошлари мавжуд. Венера ва Меркурийларнинг умуман йўлдоши йўқ.

Газли гигант сайёраларининг ўлчамлари йирик бўлса-да, газлар ва музли зарралардан ташкил топгани учун анча енгил ҳисобланади. Сатурн шунчалик енгилки, агар унда сув бўлганида эди, унда у сузиб юрган бўларди. Газли гигантлар, шунингдек, ўз атрофида фавқулодда тез айланиб туради. Улар атрофида ҳалқалар ҳам мавжуд.

Юпитер ва Сатурнда яримсуюқ марказ мавжуд бўлиб, ўзлари суюқ газ қатлами билан ўралган. Бу сайёраларнинг гравитация майдонлари жуда кучли бўлганидан уларда табиий йўлдошлар сони жуда кўп. Олимларнинг фикрича, бу сайёралар атрофидаги мавжуд астероидлар ҳалқаси уларнинг кучли гравитация майдонида парчаланиб, кейин уларнинг йўлдошларига айланган.

Меркурий Қуёшга энг яқин жойлашгани учун унинг сиртидаги температура анча баланд - 467  ни ташкил этади. Венера сульфат кислотаси томчилари бўлган карбонат ангидрид гази билан қопланганлиги туфайли Қуёш томонидан Меркурийга нисбатан анча қизиган бўлади. Марсни қизил сайёра, деб аташади. Олимларнинг таъкидлашича, Ердан кейин ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин бўлган сайёра ҳисобланади. Ер эса ҳаёт мавжуд бўлган ҳозирча ягона сайёрадир.

Юпитер Қуёш тизимининг энг катта сайёраси бўлиб, у ҳозиргача аниқланган 67 та йўлдошларга эга. Доимо унинг янгидан-янги йўлдошлари кашф этилмоқда. Йўлдошлар ичида энг катталарини 1610 йилда Галилей биринчи бўлиб кузатган. Ўша йиллар бу йўлдошларни немис астрономи Симон Марий ҳам кузатган ва 1614 йилга келиб бу йўлдошларга у Ио, Европа, Ганимед ва Каллисто номларини берган. Юпитернинг қолган йўлдошлари ўлчами бўйича анча кичик ҳисобланади. Галилей йўлдошларининг Юпитер атрофида айланишларида ажойиб бир ҳодисани кузатиш мумкин - Каллисто Юпитер атрофини бир марта айланиб чиққанда, Ганимед икки марта, Европа тўрт марта, Ио эса саккиз марта айланиб улгуради.

Қуёш тизимидаги сайёралар сафини Меркурий бошлаб беради. У Қуёшга энг яқин сайёра бўлгани учун уни қайноқ сайёра ҳам деб аташади.

Меркурий (арабларда Уторуд) Қуёшга энг яқин (ораларидаги масофа 58 миллион километр) сайёра ҳисобланиб, унинг атрофини 88 Ер кунида (бу Меркурийнинг йили) айланиб чиқади. Унинг радиуси 2439,7 километр бўлиб, Юпитернинг Ганимед йўлдоши ва Сатурннинг Титан каби йўлдошидан ўлчам бўйича бироз кичикроқ. Аммо улардан массивроқ (кенг)дир. Қадимда римликлар уни сайёҳатчиларнинг паноҳи, савдо-сотиқ худоси номи билан аташган.

Меркурийнинг атмосфераси жуда сийрак ва Қуёшга яқин бўлганидан, кундузлари унинг температураси 467   гача қизиб кетади, кечалари эса ундаги ҳарорат -183   гача тушиб кетади. Шу ерда қайд қилиш лозимки, Меркурий ўзининг бир йилида ўз ўқи атрофида 1,5 марта айланиб улгуради, холос. Бошқача айтганда, Меркурийнинг икки йили давомида у ўз ўқи атрофида 3 мартагина айланиб улгуради. Шунинг учун бир томони ҳаддан ташқари қизиб кетса, қоронғи томони эса музлаб кетади.

Мабодо Меркурийга учиб бориб қўнсангиз, сиртининг Ер йўлдоши - Ойнинг сиртига жуда ўхшаш эканлигини кўрасиз. Унинг сирти чангли жарликлар ва қоялар, кратерлар билан қопланган. Сайёранинг кенг металли ядроси ва қумлик пўсти мавжуд.

Меркурий атмосфераси жуда сийрак бўлганидан, унга тушувчи метеорлар деярли қаршиликка учрамай, унинг сиртига тушиб, катта-катта кратерларни юзага келтиради. Ундаги энг катта кратер Рембрандт номи билан аталиб, унинг диаметри 716 километрга тенг.

Меркурийда бошқа сайёраларга нисбатан ажралиб турадиган кўпгина хусусиятлар борки, уларнинг айримларини келтирамиз:

- Меркурийда йилнинг фасллари бўлмайди. Чунки унинг ўз атрофида айланиш ўқи Қуёш атрофида айланиш текислигига тик йўналган;

- унинг сиртида шундай жойлар борки, уларга ҳеч ҳам Қуёш нури етиб бормайди. Натижада бу жойлар 2 метргача етадиган музликлар ва уларнинг сирти чанглар билан қопланган;

- ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги катта. Лекин орбитал ҳаракат тезлиги ўзгариб туради. Меркурий орбитасининг Перигейга яқин қисмида 8 кун давомида орбитал ҳаракатининг бурчакли тезлиги унинг айланма ҳаракатининг бурчакли тезлигидан ошиб кетади. Натижада Қуёш Меркурий осмонида тўхтаб, орқага қараб ҳаракат қила бошлайди. Бу эффект Иисус Навин эффекти, деб ҳам айтилади. Библияда келтирилишича, Навин Қуёшни тўхтатиб қўйиш қобилиятига эга бўлган шахс экан;

- Меркурийнинг Қуёшдан оладиган энергияси Ер оладиган энергиядан 7 марта кўп экан;

- унда кучсиз магнит майдони мавжуд;

- сайёрада темир ядро мавжуд бўлиб, унинг массаси ўзининг массасининг 80 % ини ташкил этади;

- Меркурий вулқонларининг фаоллик даври бундан 3 миллиард йиллар олдин тамом бўлган.

Меркурийни паст кенгликларда ва экваторга яқин жойларда кузатса бўлади. Ўрта кенгликларда уни кузатиш анча қийин, юқори кенгликларда эса уни мутлақо кузатиш имконияти бўлмайди.

Меркурий Қуёшга яқин бўлганидан уни ўрганиш анча қийин. Шунинг учун ҳам у ҳақида олинган маълумотлар жуда кам. 2009 йилда олимлар Меркурийнинг тўлиқ харитасини «Маринер-10» ва «Мессенжер» космик аппаратлари олган суратлар асосида тузиб чиққан.

Интернет материаллари асосида СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.