“Техник хато муаммога сабаб бўлган” — “Тоза ҳудуд”дан мурожаатга жавоб

Аввалроқ сайтимизда “Тоза ҳудуд” эгасизми қолдими ёхуд эътиборсиз?” саврлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда соҳадаги айрим муаммолар, хусусан, базада айрим хонадонларда яшовчилар сонининг ошириб кўрсатилгани тилга олинган.
Мақола юзасидан "Тоза Ҳудуд" давлат муассасаси Тойлоқ тумани филиали томонидан муносабат билдирилди. Жумладан, муносабатда шундай дейилади:
“Ташкилотимиз томонидан жамоатчилик мурожаатларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаат юзасидан мурожаат эгаси билан боғланилиб, ҳолат ўрганилди.
Дастлабки суҳбатда фуқаро бир йил муқаддам, хорижга чиқиш арафасида, маҳалла орқали "Тоза ҳудуд" тизимига далолатнома топширганини, бироқ бу ҳужжат қонуний кучга эга бўлмаганини маълум қилди. Мазкур ҳолатни аниқлаштириш мақсадида 2025 йил 24 июнь куни “Тоза Ҳудуд” ишчи гуруҳи вакиллари билан бирга мурожаат жойига борилиб, маҳалла ҳудудида ҳолат атрофлича ўрганилди.
Тегишли ҳужжатлар таҳлили давомида аниқланишича, 2024 йилда тақдим этилган далолатнома техник хатолик сабабли қабул қилинмаган. Шунингдек, ҳужжат тайёрлаш жараёнида инсон омиллари инобатга олинмаган, ҳисоб-китобларда хатоликлар мавжуд бўлган. Шу сабабли далолатнома бекор қилинган ва қонуний кучга эга бўлмаган.
Ҳолат жойида ўрганилгач, ишчи гуруҳ томонидан янгидан далолатнома расмийлаштирилди. Фуқародан қонуний тартибда ариза олиниб, белгиланган тартиб асосида ҳужжатлар расмийлаштирилди ва қонуний далолатнома ўтказилди.
"Тоза Ҳудуд" ДК Тойлоқ тумани филиали ушбу мурожаат бўйича қонуний чораларни кўрди ва масалани ижобий ҳал этди.
"Тоза Ҳудуд" ДК Тойлоқ тумани филиали”.