Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муаммоларни ҳал қилиш кечиктирилмайди. Жамоатчилик назорати гуруҳи ўн кундан буён Пайариқ туманида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилмоқда

Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 9 қишлоқда 840 хонадон мавжуд. Уларда 4820 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Ҳудудда бир қатор корхоналар бўлишига қарамай ишсизлик муаммолари бор. Ёшларнинг аксарияти ишсиз. Шунингдек, ўрганиш жараёнида маҳалладаги тиббиёт ва таълим муассасалари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларида ечимини кутаётган муаммолар кўплиги аниқланди. Ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотидаги муаммолар борлиги кузатилди. Муҳими, муаммоларга ечим топиш бўйича ўша куни ёки уч кун ичида мутасаддилар томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Маҳаллада яшовчи Х.Ражабовнинг хонадонини бориб ўрганганимизда оиланинг ночор аҳволда эканлигини кўрдик. Оиланинг олти нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан шаръий никоҳда яшайди. Х.Ражабовнинг ўзи ўн кундан буён оёғи ишламай тўшакда ётибди. Шифокорларга мурожаат қилишмаган. Уйда на ўтин, на кўмир ва на газ баллони бор. Зудлик билан чақиртирилган тез ёрдам машинаси лой туфайли йўлдан ўтолмагач, шифокорлар беморнинг уйигача пиёда боришига тўғри келди. Шу куни унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, ташхис қўйилгач, шифохонага ётқизилди.

Йўлтепа қишлоғида яшовчи аср билан юзлашган Хурум момо Умированинг хонадонида етишмовчилик йўқ. Аммо 1919 йилда туғилган момонинг ҳалигача биометрик паспорти олмагани маълум бўлди. Шунингдек, онахон 4 йил муқаддам йиқилиб, оёқлари синган экан, тўшакда ётиб қолган. Ногиронлик аравачасига муҳтожлиги бор.

Шу қишлоқда яшовчи 83 ёшли Турсуной Норқулова ҳанузгача собиқ СССР паспорти билан юрибди. Шу жойнинг ўзида маҳалла раиси Т.Худойбердиев ёрдамида туман ички ишлар бўлими билан боғланиб, уларнинг паспортини алмаштириш чоралари кўрилди.

Йўлтепа-2 қишлоғида яшовчи Қ.Тошбоев оиласида ногирон қиз яшайди, ўғли эса 8-синфда ўқийди. Оила бекаси икки йил илгари вафот этган. Хонадонда отадан бошқа ишлаб, оила боқувчи йўқ. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бу оилага моддий ёрдам тайинланди.

Тўғриси, дастлаб аҳоли жамоатчилик назорати гуруҳларига ишонмай қаради. Чунки илгари ҳам кўп марта ҳокимият вакиллари келиб, муаммоларни ёзиб кетган, лекин муаммолар ҳал бўлмаган экан. Бу сафар ҳам шу гап такрорланади-да, дегувчилар бўлди.

Бирор хонадон муаммосини шу ернинг ўзида ҳал қилиб берсангизгина уй эгаларининг фикри ўзгармоқда. Айрим муаммолар қайсидир бир ташкилотнинг эътиборсизлиги сабабли пайдо бўлган. Масалан, уй-жой кадастри хизмати тумандаги барча хонадонларни хатловдан ўтказганига қарамай, ўрганилган ҳар бешта хонадоннинг учтасида кадастр ҳужжатлари йўқ. Аҳолига ўз вақтида уй-жой ҳужжати қилинмаса, жарима тўлашига тўғри келиши тушунтирилмаган.

Ўрганиш давомида биргина Янги­обод маҳалласида 300 та суюлтирилган газ баллонига эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Туман газ таъминоти бўлимидагилар эса маҳалланинг 200 тадан кўпроқ ортиқча газ баллони олганлигини айтишмоқда.

Дарвоқе, муаммолар нафақат аҳолида, балки уларни бошқариб турган маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бор экан. Яъни, маҳалланинг ўз биноси йўқ. Оқсоқол ва ходимлар болалар боғчасининг бир хонасидан фойдаланиб туришаркан.

– Аслида бизнинг бу ерда фаолият юритишимиз нотўғри, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тиркаш Худойбердиев. – Шунда ҳам кечқурун болалар йўқ вақтида бориб ишлашимизга тўғри келади. Бошқа вақтларда фуқароларни уйда қабул қилишга тўғри келмоқда.

Бу муаммонинг ечими бор экан. Бунинг учун эски мактаб ҳудудидан жой ажратиб берилса кифоя. Аммо маҳалланинг шу ҳудуддан жой ажратиб бериш тўғрисида туман ҳокимлигига берган таклифи ҳалигача кўриб чиқилмаган.

Бир ҳафталик ўрганишлар давомида хонадонма-хонадон кириш, одамлар билан мулоқот қилишнинг қанчалик самарали эканлигига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Демак, давлатимиз раҳбарининг мутасаддиларни ушбу тартиб асосида ишлашга даъват этиши бежиз эмас экан. Ҳақиқатан ҳам раҳбар, халқ билан ишлайдиган масъул бугун кабинетида мурожаатчини кутиб ўтириши керак эмас, улар ҳузурига ўзи бориши лозим. Шу нуқтаи назардан жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб жойлардаги Халқ қабулхоналарининг ҳам аҳоли муаммоларини уйма-уй юриш орқали аниқлаши, давлат органларининг халқ билан янада яқин бўлишини таъминлайди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Жамоатчилик назорати

гуруҳи аъзоси.