Улбуви момо - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи

Пайариқлик Улбуви Тўғонова 60 йилдан бери пиллачилик билан шуғулланиб келади. Шу меҳнати орқасидан олти ўғил, уч қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилди. Ўзбекистон мустақилликка эришган йили онахон учун қийинчилик дамлар бошланди. Сабаби, унинг турмуш ўртоғи оғир хасталик билан оламдан ўтди. Оила ташвиши онанинг зиммасида қолди.

- Ёлғиз қолиб, катта рўзғорни тебратиш, фарзандлар тарбияси билан шуғуланиш оғир эди, - дейди у. – Ҳар қанча қийин бўлмасин, меҳнат қилиб ҳаммасини уддалашга ҳаракат қилдим. Пиллачиликдан ташқари, далада чопиқ қилиш, пахта териш, буғдой ўриш ишлари билан ҳам шуғулландим. Бировдан моддий ёрдам сўрамадим. Фарзандларимни меҳнатдан қочмасликка, юртга сидқидилдан хизмат қилишга ўргатдим. Улар бирин-кетин вояга етди. Ўғилларимнинг барчаси ҳарбий хизматни ўтаб қайтди. Катта ўғлим, отасидек деҳқончилик қилиб, кам бўлмади. Фермер хўжалигини ташкил қилди, укаларини ёнига олди. Бугунги кунда кўрган-кечирган азобларим унутилиб, роҳат-фароғатда яшаяпман.

Онахон 40 нафар невара, 30 дан зиёд чевараларнинг севимли бувиси. 81 ёшга тўлган бўлса-да, ҳалигача пилла етиштириш билан шуғулланади. Бу ишда келинларига устоз. Тетикликда улардан қолишмайди. Шу йилда ҳам кенжа келин билан 5 қути ипак қурти парваришлаб, 300 килограмм пилла етиштирди.

- Меҳнат қилган одам соғлом бўлади, - дейди онахон. – Фарзандларим қариган чоғимда ишлашимни истамаса ҳам саломатлигим учун қимирлаб тураман. Ҳовлимизнинг тўрида алоҳида пиллахона қуриб қўйганмиз. Бу йилги мавсумда туманимиз ҳокими келиб пилла етиштириш жараёнини кузатди. Мен билан суҳбатлашди. Ипак қуртини парваришлашда нималарга эътибор қаратиш кераклигини сўради. Билганимча сир-асрорларини гапириб бердим. 60 йилдан бери шу иш билан шуғулланаётган бўлсам, мен парваришлаган ипак қуртларининг биттаси ҳам нобуд бўлмагани, шунинг эвазига ҳар йили яхши ҳосил олишимни айтдим.

Ҳа, кейинги пайтларда раҳбарлар кўп вақтини иш столида ўтирмасдан, маҳаллаларда, одамлар орасида ўтказаётгани яхши натижа бера бошлади. Хирмонлар яратилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган қўли қадоқ деҳқонларнинг меҳнати кўзга ташланяпти.

- Собиқ иттифоқ даврида ҳам, Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин ҳам анча йиллар бизни биров сўраб келмади, - дейди Улбуви ая. – Ношукурлик қилмайман, меҳнат қилдик ва шунга яраша ҳақ тўланди, аммо бугунгидек эътибор бўлмаган. Ўтган йили “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу йил эса Президент имзоси билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” фахрий унвони берилди. Мукофотни олиб, уйга келганимдан кейин мени табрикловчиларнинг қадами узилмади. Ҳовлимиз тўйхонага айланди, десам хато бўлмайди. Маҳалладошларим, қариндошларим ҳаммалари ҳавас қилди. Ёшлар мендан дуо олишди. Бу сабр-матонат ва меҳнатнинг меваси эканлигини уларга уқтирдим. Шундай бахтли кунларга етиб келганимдан миннатдорман. Юртимиз тинч бўлсин, гуллаб-яшнасин!

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).