Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Навоийда илк бор юрак нуқсони бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан воҳада биринчи бор юрагида туғма нуқсони бўлган болаларда бепул мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Human.uz хабар бермоқда.

Марказда икки кун давомида 4 нафар бемор АИК — сунъий қон айлантириш аппарати ёрдамида операция қилинди. Италиянинг «Сорин» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган жиҳоз бўлиб, бутун дунё тиббиёти мураккаб юрак жарроҳлик амалиётида ана шу аппаратдан фойдаланади. У муассасага вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллий бюджетдан орттирилган маблағлар ҳисобига келтирилган.

«Ҳозирча фақат кам таъминланган ва узоқ йиллардан буён шу касаллик бўйича рўйхатда турган оила фарзандларидан жарроҳлик амалиётларини ўтказдик, — дейди марказ бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди М. Аҳмедов. — Чунки бундай операцияларни амалга ошириш учун жуда катта маблағ талаб этилади. Янги технологиянинг афзаллиги у маълум муддат юракнинг функциясини бевосита ўзи бажариш имконига эга. Бу эса жарроҳларга амалиёт жараёнида қулайлик яратади. Бундай ускуна 2009 йилдан буён фақат пойтахтдаги клиникаларда мавжуд бўлса, ҳозирда Наманган, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида унинг ёрдамида мураккаб амалиётлар ўтказилмоқда. Вилоятга келтирилган ушбу замонавий жиҳоз пойтахтдаги даволаш муассасаларида рўйхатда турган қанчалаб аҳолининг узоғи яқин бўлишига ҳамда иқтисоди тежалишига хизмат қилади».

Қизилтепа туманининг Ванғози маҳалласида яшовчи 6 ёшли Асилбек Шомуродов ҳам туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Операциядан кейин рўйхатдан чиқиб, тенгдошларидек тўрт мучаси соғ болалар сафидан жой олди.

Маълумотларга кўра, республикада йилига 2,5-3 минг нафар бола юрак нуқсони билан дунёга келади. Аммо пойтахт клиникаларида бир йилда шулардан 600 нафаринигина операция қилиш имкони мавжуд. Биргина Навоий вилоятида эса айни кунда 10 минг нафардан зиёд юрак нуқсони билан оғриган ёши катталар турли муассасаларда жарроҳлик амалиёти учун навбат кутишмоқда. 200 нафардан зиёд бола туғма юрак нуқсони бўйича рўйхатда туради. Бу беморларга ўз вақтида ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатилса, уларни ҳаётга қайтариш мумкин, дейилади хабарда.