Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ННТ хориждан хайрия олиши мумкинми?

Нодавлат нотижорат ташкилотлари четдан мол-мулк ёки пул олиши учун тегишли орган билан келишиши керак, деб эшитдим. Шу рост бўлса, унинг тартиблари ҳақида маълумот берсангиз.

Н.САЛОҲИДДИНОВ,

Самарқанд шаҳри.

Сиз айтаётган масала Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тартибга солинади.

Унга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш икки босқичда амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилоти пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш учун камида 20 кун олдин тегишлилиги бўйича уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органига тасдиқланган мурожаатнома шаклига мувофиқ унда назарда тутилган ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда олдиндан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади

Қайд этиш лозимки, айрим ҳолларда чет эллик шахслардан нодавлат нотижорат ташкилотга маълум бўлмаган ҳолда унинг банкдаги ҳисобварағига пул маблағи киритилиши ёки нодавлат нотижорат ташкилотга мол-мулк келиб тушиши мумкин.

Агар шундай ҳолат кузатилса, бу ҳақда нотижорат ташкилот хабар топган ёки хабар топиши лозим бўлган кундан эътиборан 3 кун ичида тасдиқланган мурожаатнома шаклига мувофиқ, унда назарда тутилган ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда келишиш учун адлия органига мурожаат қилади.

Адлия органи тақдим этилган ҳужжатларни 15 кун муддат ичида кўриб чиқади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш ёки сабабларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этиш тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Норқул САФАРОВ,

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими бошлиғи.