Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ноқонуний текшириш ўтказган кадастр идоралари ходимларига маъмурий чора кўрилди

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва қонунийлиги устидан назорат қилиш Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман)га ўтказилди.

Эндиликда Бизнес-омбудсман розилигисиз тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилмайди. Текширишларни рўйхатга олувчи Ягона электрон тизимга киритилмасдан амалга оширилган текширишлар ноқонуний ҳисобланади ва бу қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарлик қўлланилишига сабаб бўлади.

Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлиги, назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатларини доимий равишда мониторинг қилиб боради. Ушбу соҳада қонунбузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар аниқланса, улар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Бизнес-омбудсманнинг Самарқандда фаолият юритувчи ходимлари томонидан ҳам тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширувларни мувофиқлаштириш ва қонунийлиги устидан назорат қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўтказилган ўрганишларда Пахтачи туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари томонидан тумандаги “Султонобод ҳалол балиғи” ва “Украш балиқ маҳсулотлари” фермер хўжаликлари, Нарпай туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходимлари томонидан тумандаги “Чархин даласи” ҳамда “Раҳимжон Бекмуров” фермер хўжаликлари фаолиятида рухсатсиз текширишлар ўтказилганлиги ва бунинг оқибатида фермер хўжаликлари раҳбарлари ноқонуний равишда маъмурий жавобгарликка тортилганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 5-бандига мувофиқ, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимлари томонидан ер ресурслари ва давлат кадастри идораларининг фермер хўжаликлари фаолиятида ноқонуний текширишлар ўтказган 5 нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2412-моддасига мувофиқ маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли судларга юборилди.

Пахтачи ва Нарпай туманлари маъмурий судларининг қарорларига кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ноқонуний равишда текширган ходимларга нисбатан жарима тарзидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Ж.ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик   субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи бош инспектори вазифасини бажарувчи.