Самарқанд туманида 0,35 гектар ер майдони иккита ташкилотга тегишли кадастр ҳужжатларида устма-уст тушган
Суд мажлисида ер майдони кимга тегишли эканлигига аниқлик киритилди.
Аниқланишича, Самарқанд тумани ҳокимининг 2017 йил 12 августдаги қарори билан «А» масъулияти чекланган жамиятига тумандаги «Меҳробод Агротехсервис» агрофирмасидаги 154 ва 158-контурлардан тош майдалаш ва қум ювиш цехи қуриш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 2 гектар ер майдони ажратилган.
Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги бошқа қарори билан «Б» масъулияти чекланган жамиятига ҳудуддаги 158-контурдан қум захираларини геологик ўрганиш учун 6 гектар ер майдони бошқа мақсадларда фойдаланилмаслик шарти билан ажратилган.
«Б» МЧЖга Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан шу йил 27 августда Самарқанд туманида жойлашган «Миранкульское 1985» йирик донадор қумлар конининг қисмидан фойдали қазилмалар қазиб олиш учун лицензия берилган.
Шу асосда 2020 йилда туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига ўзгартириш киритилиб, «қум захираларини геологик ўрганиш учун» деган сўз «фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун» деб ўзгартирилган.
Қайд этилган қарорларга асосан, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Самарқанд тумани филиали томонидан 2020 йил 26 май куни «Б» МЧЖга ажратилган 6 гектар ер майдонига нисбатан доимий фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, давлат рўйхатидан ўтказилган.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси вакиллари 2020 йил 7 май куни ўрганиш ўтказиб, «Б» МЧЖнинг лицензиясида қайд этилган ер майдони координаталари бўйича ҳар бир нуқтага қозиқ ўрнатган.
Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Самарқанд тумани бўлими судга тақдим қилган хатда «А» масъулияти чекланган жамияти ва «Б» масъулияти чекланган жамияти ўртасида низоли бўлган ер майдони кадастр ҳужжатларига тузилган топографик планда 53х66 метр, яъни 0,35 га ер майдонлари иккала ташкилотга тегишли кадастр ҳужжатларида устма уст тушганлиги қайд этилган.
Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланган ҳолда чизмалари ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Суд мажлисида «А» масъулияти чекланган жамияти вакили ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмаган кадастр ҳужжатлари йиғма жилдини тақдим қилган. Шу сабабли, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Самарқанд тумани филиали томонидан тақдим қилинган хатда баён қилинган ҳолатлар ҳуқуқий асосга эга эмас.
Ишдаги ҳужжатлар ва суд муҳокамасида тарафлар вакиллари, жумладан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси вакилларининг суд мажлисида берган хулосаси билан «А» МЧЖ «Б» МЧЖ ер майдонининг 0,53 гектар қисмидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги ўз тасдиғини топди.
Шунга кўра, жавобгар - «А» МЧЖни «Б» МЧЖга тегишли 60 минг квадрат метр ер майдонининг 0,53 гектар қисмидан мажбурий тартибда чиқарилиши белгиланди. Ҳал қилув қарорида тўлаб чиқилган 1 миллион 115 минг сўм давлат божи ва 17 минг 840 сўм почта харажатларини «А» МЧЖдан «Б» МЧЖ фойдасига ундирилиши қайд қилинди.
Ўктам Муродов,
Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси.