Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ОАВ: Уханда коронавирус аниқланган биринчи бемор ҳақида маълумот берилди

Уханнинг “Хуанань” бозорида қисқичбақа сотувчисида илк маротаба COVID-19 вируси билан касалланиш ҳолати аниқланган. Бироқ қисқичбақа сотувчиси қаердан ва қандай қилиб бу касалликни юқтириб олганлиги ҳамда у “нолинчи бемор” бўлган ёки бўлмаганлиги номаълумлигича қолмоқда. Бу ҳақда Хитойнинг етакчи нашрларидан бири “Пэнпай” газетаси хабар бермоқда.

“Хуанань” денгиз махсулотлари бозори касаллик тарқалишининг биринчи манбааси бўлганми ёки вирус у ерга бошқа ердан келиб қолганлиги тўғрисидаги баҳслар ҳозиргача давом этмоқда. Мутахассислар “нолинчи бемор”ни ва қандай йўл билан вирус ҳайвондан инсонга ўтганлигини аниқлай олишмади.

“Пэнпай” нашри берган маълумотга кўра, “Хуанань” бозорида тирик қисқичбақалар билан савдо қилувчи, фамилияси Вэй бўлган аёлнинг 2019 йил 11 декабр куни номаълум сабаблар туфайли тана ҳарорати кўтарилган. Кейинчалик айнан у “Хуанань” бозорида COVID-19 коронавируси аниқланган биринчи бемор бўлганлиги аниқланган.

Вэй хоним бозор яқинидаги уйлардан бирида узоқ йиллардан бери ижарада турган. Тана ҳарорати кўтарилганидан сўнг у уйининг биринчи қаватида жойлашган клиникага мурожат қилган.

Аёлнинг сўзларига кўра, у тадбиркорлик билан шуғулланган. Шу сабабдан уйда ёки касалхонада ётиб даволанишнинг имкони бўлмаган. У соғлиги ёмонлашган вақтда ҳар сафар касалхонага бориб укол олган ва эртаси куни ўзини яхши ҳис эта бошлаган. Бироқ бу сафар иккита укол ҳам унга ёрдам бермаган. Ундан кейин Вэй бошқа касалхонага мурожат қилган. У ерда ҳам унга ҳеч ким ёрдам бера олмаган ва кейин уйда ётиб даволанишга қарор қилган. 16 декабрь куни аёл Хуачжун фан ва технология университети қошидаги “Сехэ” касалхонасига мурожаат қилган. Ўша ерда Вэй хоним билан жиддий шуғулланишган.