Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқувчиларга қаттиққўллик қилган ўқитувчига интизомий чора қўлланилди

Жорий йилнинг 28 январь куни ижтимоий тармоқларда Пахтачи тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 28-умумий ўрта таълим мактабидаги ҳолат акс этган “Нима, бечора болаларни совуққа олиб чиқиб жазолаш энди янги трендга айландими? Бу нотўғри!” мазмунида видео материал тарқалди.

Пахтачи тумани халқ таълими бўлими ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

Аниқлик киритилишича, 28-умумтаълим мактаби педагогик жамоаси фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида Пахтачи тумани ҳокимлиги, халқ таълими бўлими масъул ходимлари, туман “Нуроний” жамғармаси, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари  ҳамда мактаб ўқитувчилари, ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.

Маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам ушбу умумтаълим муассасаси бошланғич синф ўқитувчиси Ю.Б. ўқув биносининг иккинчи қаватидаги синфхоналардан бирида дарс машғулоти ўтиш давомида тартибсизлик қилган ўқувчилар Д.Д. ва Н.Ш.га танбеҳ бериш мақсадида синфхонадан залга чиқаради. Ўқитувчи болаларга танбеҳ бериб, уларни яна синфхонага олиб кирган.

Йиғилишда ўқувчилар Д.Д. ва Н.Ш.ларнинг ота-оналари томонидан Ю.Б.нинг хатти-ҳаракатларига эътироз билдирилмади. Аксинча, ота-оналар фарзандларининг шўхлигини тан олиб, ўқитувчининг меҳнатидан миннатдор эканлигини билдиришди.

Бироқ, ўқитувчи Ю.Б.нинг ўқувчиларга нисбатан қаттиққўллик қилгани, вазифасига нисбатан эътиборсизлик қилганлиги учун унга интизомий жазо чораси қўлланилди.