Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Орол денгизининг ҳалокатига нима сабаб бўлган?

Орол денгизи бир вақтлар катталиги жиҳатидан жаҳонда тўртинчи ўринда турган. Мазкур денгизнинг қуриб қолишига экологик ҳалокатлар сабаб деб ҳисобланади. Аммо у 60 йил илгари қандай ҳолатда эди?

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида жойлашган Орол денгизида кема бандаргоҳлари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, қолаверса, юзлаб балиқ овловчи кемалар сузиб юрган. Ўтган асрнинг 80-йилларигача 34 хилдан зиёд балиқ турлари бўлган денгиз ўз тарихида бир неча марта қуриб, яна сув билан тўлганлиги маълум. Бу ҳақда бугунги кунда тадқиқот ишлари олиб бораётган Халқаро экспедиция аъзоларининг ўрганишларида қайд этилган. Буни денгиз тубидан топилган кўпсонли флора ва фауналар кўрсатиб турибди. Олимлар 21 миллион йил илгари, яъни кайнозой эраси ўрталарида Орол Каспий денгизи билан боғланган. Бироқ минг йиллар давомида икки улкан денгизни ўзаро боғлаб турган дарёлар қуриб, бир-биридан ажралиб кетган.

Орол илк бор 1849 йилда таниқли рус географи А.Бутаков раҳбарлигидаги экспедиция томонидан ўрганилган. Бир йилдан сўнг Россия империяси денгизлар вазирлигининг гидрографик департаменти томонидан Орол денгизининг илк харитаси чоп этилди. Орадан уч йил ўтиб, балиқчилик саноати ривожлана бошлагач, ўнлаб йирик балиқчилик уюшмалари ташкил этилди. 1950 йилда Орол денгизи ҳажми 68 минг квадрат километр эди. Узунлиги 426 километр, энига 284 километр, энг чуқур жойи эса 68 метр бўлган. 1960 йилдан бошлаб денгизга қуйиладиган дарёларнинг суви чексиз экинзорларга бошқарилгани сабаб Орол қурий бошлади.

1989 йилга келиб Орол денгизи иккига ажралди. Кичик Орол қўшни Қозоғистонда, Катта Орол эса юртимиз ҳудудида қолди. 2000 йиллар бошларига келиб, денгиз суви 31 метрга камайиб, чуқурлик 22 метрга келиб қолди. 2001 йилда эса Катта Орол денгизи ғарбий ва шарқий қисмларга бўлинди. 2003 йилда денгиз ҳудуди торайиб, суви камайди. Бугунга келиб бир вақтлар туби чуқур бўлган денгиз ўрнида 38 минг квадрат километр майдонда саҳролар пайдо бўлган.

Собиқ иттифоқ даврида чўл ва саҳроларни ўзлаштириб, экинзорларга айлантириш мақсадида турли ҳаракатлар амалга оширилган. Жумладан, умумиттифоқ бўйича эълон қилинган 5 йиллик режалар давомида минг-минг гектар ҳудудлар суғориладиган яшил майдонларга, шаҳар ва қишлоқларга айлантирилди. Ўнлаб дарёлар ўзанлари кенгайтирилиб, янги-янги каналлар тортилди. Жумладан, Россиянинг Кубан вилоятининг бепоён дала-даштлари 1962 йилда барпо этилган Катта Ставропол канали орқали суғорилади. Бу ўз даврида ўта йирик лойиҳа ҳисобланиб, сув йўли атрофида ўнлаб шаҳар ва қишлоқлар пайдо бўлган.

Ўша даврларда мамлакат ўз қудратини бутун дунёга кўрсатиш мақсадида амалда бажариб бўлмайдиган ўнлаб йирик лойиҳаларга қўл урди. Бироқ уларнинг айримлари амалга оширилганида жиддий иқлим ва табиат ўзгаришларига олиб келиши мумкинлигини ҳеч ким ўйлаб кўришмаган эди.

Мамлакат раҳбарларини лойиҳаларнинг харажати эмас, балки унинг ҳайбати қизиқтирарди. Жумладан, Каспий денгизини қуритиб, тубида ётган миллонлаб баррел нефтни ҳеч бир қийинчиликсиз ковлаб олиш лойиҳаси қанча маблағ талаб қилишини биласизми? Ёки Қозоғистон ва Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун Сибир дарёларини буриб олиб келиш режаси-чи? Бу ҳудудларга юз йиллардан буён ичимлик суви етишмаган. Аниқроғи бор сувдан ҳам тежаб фойдаланилмаган. Ирригация ва мелорация муаммоларини ҳал қилиш учун ҳеч ким жон куйдирмаган.

Қандай қилиб Сибир дарёларини Оролга бурмоқчи бўлишган?

Ғарбий Сибир дарёларининг ўзанини Ўрта Осиёга буриш ҳақида илк марта 1868 йилда гимназия талабаси Я.Демченко ўзининг «Орол-Каспий денгизлари бўйларини ўзгартириш» китобида келтириб ўтган. 1948 йилга келиб «Плутония» ва «Санников ери» китоблари муаллифи, геолог ва географ В.Обручев айнан шу муаммоларни ёдга олди. 1968 йилда эса ҳукумат СССР Фанлар академияси ва Бошплан каби қатор ташкилотларга Сибир дарёларини Ўрта Осиёга қараб буриш лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди. Уларнинг мақсади Совет иттифоқи куч-қудрати билан бунёд этилган йирик бир сув йўлини жаҳонга намойиш этишлари керак эди. Унинг олдида Қорақум ва Қрим каналлари оддий ариқдек бўлиши керак эди.

Шимолий Муз океанидан тўғри Форс кўрфазигача

Етакчи мутахассисларнинг кучи билан Иртиш ва Обь дарёларидан то Орол денгизигача бўлган ҳудудда кўплаб сув омбори ва каналлар тизими қурилди. Дарёларнинг сувлари нафақат Қозоғистоннинг жанубий туманлари, Ўзбекистон ва Туркманистон, балки Россиянинг ўнлаб туманларини ўзлаштириш учун етиши зарур эди. Шунингдек, дарё сувлари Курган, Челябинск каби вилоятларга ҳам етиб бориши кўзда тутилган эди. Лойиҳа амалга оширилганида мазкур канал Сибир ва Ўрта Осиёни боғловчи йирик дарё транспорти йўналишига айланган бўларди. Режага кўра, сув йўли 2500 километрга чўзилиб, энига 130-300 метрни, чуқурлиги эса 15 метрга етиши керак эди. Лойиҳа қурилишига Эрон ҳам бош қўшишга тайёр эди. Ана шунда кемалар Шимолий Муз океанидан тўғридан-тўғри Форс кўрфазигача бориши мумкин бўларди. Совет олим ва иқтисодчилари йирик лойиҳа устида куну тун роса бош қотиришди. 1970 йилга келиб ҳукумат мазкур лойиҳани 1971-1985 йилларда амалга оширилиши туғрисида қарори қабул қилди.

Ниҳоят, йирик лойиҳанинг илк босқичи амалга ошди. Яъни, Иртыш – Қарағанда канали фойдаланишга топширилди. 1976 йилда комунистик партиянинг XXV съездида таклиф этилган тўртта лойиҳадан биттаси қабул қилинди. Лойиҳа устида ишлаган қурувчи олимлар ҳукумат раҳбарларини уни мамлакат қудрати учун зарурлигини, қишлоқ ва халқ хўжалигини ривожлантиришда жуда фойдали эканлигини, шунингдек, қурилиш ишлари учун ўн йил зарур бўлишини айтиб ишонтиришди. Асосий ишлар 1985 йилда бошланиши керак эди. Кейинчалик уни бутунлай орқага, яъни 2000 йилда ташлаб юборишди.

Олимлар йирик лойиҳага қарши бўлишган

Қурилишнинг бошланиш муддати кечиктирилгач, бутун мамлакат бўйлаб унинг қанчалик фойдали ва зарарли эканлиги ҳақида мунозаралар бошланиб кетди. Кенг жамоатчилик, айниқса, кўплаб мутахассис ва олимлар мазкур лойиҳанинг келажаги йўқ, дея бонг уришди. СССР Фанлар академияси геолог олимлари шимол дарёларини жанубга буриш ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тасдиқловчи маълумотнома тайёрлаб ҳукуматга тақдим этди. Хуллас, улар мазкур лойиҳани тўхтатишни талаб қилишди. Ҳукумат раҳбари М.Горбачёв топшириғига кўра, экспертлардан тузилган комиссия қарорига биноан улкан лойиҳа тўхтатилди.

Аср лойиҳаси учун табиатнинг қасоси

Бу каби аср лойиҳалари нафақат Совет иттифоқида, балки АҚШда ҳам бўлган экан. Унга кўра, Аляскадаги серсув дарёларнинг сувини мамлакатнинг қурғочил ўлкаларига, шунингдек, Канада ва Мексика саҳроларига йўналтирмоқчи бўлишган. 1950 йилларда лойиҳа устида кўп иш олиб боришган. Бироқ бу амалга ошириб бўлмайдиган лойиҳа эканлиги, қолаверса, иқлимни ўзгартирганлиги учун табиат қаттиқ ўч олишини билиб ундан воз кечишган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.