Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ором бермас оромгоҳ ёхуд “Ситора”даги зиёфатда қандай келишув бор?

Бу йилги ёз мавсумида вилоятимиздаги дам олиш оромгоҳларида 21 минг 130 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган. Шундан 23 та доимий оромгоҳга 9 минг 630 нафар ва 58 та кундузги оромгоҳга 11 минг 500 нафар болажонлар жалб қилинади. Аммо мавсум бошланишига оз муддат қолган бўлса-да, айрим оромгоҳларнинг мутасаддилари болалар учун шарт-шароит яратиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.

Самарқанд туманидаги Оҳалик маҳалласида жойлашган “Ситора” оромгоҳида бунга гувоҳ бўлдик. Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур оромгоҳ “LUXURY TOHR” масъулияти чекланган жамиятига қарашли. Бироқ муассаса раҳбари Шавкат Соҳибов оромгоҳ туман ҳокимлиги тасарруфида эканини айтди. Чўпон кўпайса, қўйлар қаровсиз қолади, деганларидек, оромгоҳ ҳам икки томоннинг умидида эътиборсиз қолган.

Оромгоҳда мавсумга тайёргарлик йўқ. Ҳамма жой сувсизликдан қақраб ётибди. 280 ўринга мўлжалланган 3 та бинодан иборат муассаса ётоқхонасини пўпанак босиб кетган, кроват ва шкафлар авария ҳолатда. Бутунлари ҳам ағдар-тўнтар бўлиб ётибди. Ички ювиниш хоналари мутлақо яроқсиз, жўмраклар йўқ, борлари ҳам ишламайди.

Оромгоҳнинг бошқа ётоқ бинолари ва ошхонаси бундан ҳам ачинарли ҳолда шекилли, мажмуа раҳбари “У хоналарнинг калити менда йўқ”, деб қўя қолди. Маскандаги кутубхона ва тиббиёт хонаси ҳам талаб даражасида эмас. Ҳовлидаги қўл ювиш учун мўлжалланган ускуналар синиб, шу даражада хунук ҳолатга келганки, унда болажонларнинг юз-қўл ювишини тасаввур қилиш мушкул. Ҳожатхона жуда абгор, яқинлашишнинг иложи йўқ. Болаларнинг ундан фойдаланишини эса тасаввур қилиш қийин.

Муассаса ҳудудининг ён қисмида замонавий усулда қурилган катта ва кичик сузиш ҳавзалари чиқиндилардан тозаланмаган. Ҳавза ёнида ювиниш хонаси (душ) ташкил қилинмаган ва кийим алмаштириш хонасининг эшиклари ҳам синиб, ташландиқ ҳолга келган. Спорт майдончасида бегона ўтларнинг кўплигидан у ерда машғулот олиб боришнинг иложи йўқ. Оромгоҳда тунги ёритиш чироқлари ҳам етарли эмас.

Оромгоҳ ҳовлисида 8-10 кишидан иборат чет эллик ва маҳаллий «меҳмон»ларнинг зиёфати устидан чиқдик.

– Сиз кўрган камчиликларни 20 майга қадар бартараф этамиз, – деди Шавкат Соҳибов. – Қурилиш ва ободонлаштириш ишларини режалаштириб қўйганмиз. Бу одамлар эса бизнинг чет эллик ҳамкорларимиз, улар билан оромгоҳни обод қилиш ҳақида суҳбатлашяпмиз.

Наҳотки! Очиғи, оромгоҳ раҳбарининг сўзлари ишонарли чиқмади. Қолаверса, вақт ўтиши билан у айтган гапларнинг қай даражада ҳақ эканини кўрамиз...

Туман халқ таълими бўлимига қарашли “Учқун” оромгоҳи Миронқул тоғёнбағрида жойлашган. Мазкур оромгоҳда “Ситора”даги камчиликларни кўрмадик. Кириш дарвозаси олдига ҳар хил гуллар экилган, муассаса биноларида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Аммо аксарият жиҳозлар эскирган.

Мавсум давомида 450 нафар болажонларни қамраб олиш режалаштирилган оромгоҳда 3 та ётоқхона биноси мавжуд. Мажмуада болалар учун кичик амфитеатр ташкил этилган. Кутубхона, маънавият ва маърифат хонаси, компьютерхона мавсумга тайёрланган. Спорт майдончалари ва сузиш ҳавзасида ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Бироқ, белгиланган хоналарда компьютер ва керакли китоблар жамланмасини учратмадик. Шунингдек, йўлаклар бегона ўтлардан тозаланмаган, тиббиёт хонасига эътибор қаратилмаган.

Оромгоҳ раҳбари Қаҳрамон Мардиев барча камчилик ва муаммоларни бартараф этиб, мавсум бошлангунга қадар муассаса шай ҳолатга келишини айтди.

Ўқувчилар ёзги таътилни орзиқиб кутади. Негаки, уларнинг кўпчилиги бу вақтда таътилни ёзги оромгоҳларга бориб, тенгқурлари билан ўтказишга ошиқади. Шундай экан, оромгоҳлардаги камчиликларни бартараф этамиз қабилида иш кўриб эмас, уларни виждонан ҳал этиб, оромгоҳни болалар кутганидек қилиб қўйилса яхши бўларди.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.